Эквадор президентлигига номзодлардан бири, "КРЕО ҳаракати" мухолиф партияси вакили Гильермо Лассо сайловларда ғолиб бўлса, Wikileaks сайти асосчиси Жулиан Ассанжга мамлакатнинг Лондондаги элчихонасида бошпана берилиши қарорини қайта кўриб чиқишга ваъда берди. Сиёсатчи бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашрига берган интервьюсида маълум қилди.     

"Эквадор халқи тўлаши керак бўлмаган ҳақни тўлади. Мен лавозимга киришганимдан кейин биз жаноб Ассанждан элчихонани 30 кун ичида тарк этишини сўраб қоламиз", деб айтган Лассо.

Ассанж 2012 йил июнда Швецияга топширилишидан хавфсираб, Эквадорнинг элчихонасидан бошпана беришни сўраган. У Швецияда жинсий характердаги жиноятларда гумон қилинмоқда. WikiLeaks унга қўйилаётган барча айбловларни инкор қилиб, уларни сиёсийлаштирилган деб атамоқда. Швеция эса уни АҚШга топшириши мумкин. Австралиялик у ерда АҚШ Давлат департаментининг махфий ҳужжатларини чоп этгани учун 35 йилга қамоқ ёки ўлим жазосига тортилиши мумкин. 

Эквадорда президентлик сайловлари 19 февралда бўлиб ўтади. Ижтимоий сўровномаларнинг кўрсатишича, сайловларда ғалаба қилишга мамлакатнинг собиқ вице-президенти Ленин Морено энг кўп имкониятга эга. Лассо эса бу борада 2-ўринни эгалламоқда ва сайловларнинг 2-босқичига чиқишга барча имкониятларга эга.

Эквадордаги сайловларда номзодлар 1-босқичда ютишлари учун 50 фоиздан кўпроқ ёки энг яқин тақиб қилувчи номзоддан камида 10 фоизга фарқ билан 40 фоиздан кўпроқ овоз йиғишлари лозим.