Хитойга кириб келаётган хорижий мамлакат фуқароларидан иммиграция назорат пунктидан ўтиш чоғида бармоқ изларини топшириш талаб этилади. Бу ҳақда 9 февраль куни Ecns.cn портали хабар қилмоқда.

Унга кўра, ХХР жамоат хавфсизлиги вазирлиги шундай қарор қабул қилган. Бундан аввал, Давлат кенгаши янги қоидаларни тасдиқлаган. 

Шундай қилиб, 14 ёшдан 70 ёшгача мамлакатга кириб келаётган барча хорижий фуқаролар дактилоскопия (бармоқ изини олиш)дан ўтиши шарт. Давлат хизматчилари, дипломатик паспорт эгалари ҳамда расмий делегация аъзолари бундан мустасно. Шу билан бирга, икки томонлама келишувларга биноан, айрим ҳолларда истиснога рухсат берилиши мумкин. 

Бармоқ изларини олиш бўйича биринчи пункт 10 февраль куни Шэньчжэнь шаҳри аэропортида очилади, сўнгра бошқа чегарани кесиб ўтиш жойларида пайдо бўлади. 

Айтиш жоизки, бармоқ изларини олиш амалиёти дунёнинг қатор мамлакатларида аллақачон йўлга қўйилган.