Қозоғистоннинг "Евразия" суғурта компанияси 16 январда Қирғизистоннинг "Манас" аэропорти яқинида ҳалокатга учраган "Боинг-747" юк самолёти учун суғурта тўлашга тайёрлигини билдирди. 

"Суғуртачилар ва лосс-ажастерлар барча зиён кўрган томонларга қанча пул тўлаш кераклигини ҳисоблай бошладилар. Энг ёмон вазиятда самолёт нархининг ўзи бўйича суғурта пули 38 млн долларни ташкил қилиши мумкин. Бироқ бу дастлабки рақамлардир", деб айтилган хабарда.

Товон пули қиймати исталган вақтда бир неча баробарга ошиши мумкин, чунки авиаҳалокат сабаблари ва оқибатлари тергови ҳали якунига етмаган ва Халқаро авиация қўмитаси комиссияси бу иш бўйича якуний қарорини чиқармаган.

Самолёт "Евразия" компаниясида суғурта қилинган. 

Таъкидланишича, суғурта  шартномасида самолётнинг суғуртаси, самолёт эгаларининг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлиги ва учинчи шахслар олдида жавобгарлик кўзда тутилган.

"Агар воқеа суғурта шартномасида кўрсатилган хатарлардан бири оқибатида юз берган бўлса ва буни исботловчи барча зарурий ҳужжатлар тақдим қилинса, "Евразия" компанияси энг қисқа вақтларда суғурта тўловини амалга оширишга тайёр", дейилди компанияда.

Айни вақтда ҳалокат бўйича маълумот ва ҳужжатлар тўпланмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, юк самолёти 16 январда "Дачи СУ" посёлкаси устида ҳалокатга учраган. Самолёт Гонконг — Истанбул йўналиши бўйича рейс амалга ошираётган бўлган. Ҳалокат оқибатида 39 киши, жумладан самолёт экипажи аъзолари ҳалок бўлганлар.