Лос-Анжелес (Калифорния) ҳукумати ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олиш вақтида ўлдирилган қора танли йигитнинг қариндошларига 1,5 миллион доллар тўлашга рози бўлган. Бу ҳақида Los Angeles Times нашрида хабар берилди

АҚШда оммавий норозилик кайфиятини уйғотган воқеа 2014 йилда рўй берган. Шаҳарнинг нобоп туманларидан бирини қўриқлаётган икки полициячи - Шарлтон Уомплер ва Антонио Вильегас шубҳали кўринган 25 ёшли Изель Фордга диққат қилишган. Ҳуқуқ ҳимоячилари уни чақиришган, бироқ у жавоб бермай, кетишга чоғланган. Полициячилар унинг ёнида гиёҳванд моддалар борлигини гумон қилиб, уни қўлга олмоқчи бўлишган. 

Тўқнашувда Форд гўёки Уомлердан қуролни тортиб олмоқчи бўлган, бунга жавобан полициячилар ўқ узишган. Форд шифохонага етказилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига нисбатан тергов йўлга қўйилган, лекин  полициячиларга қарши ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Ҳукумат полициячилар ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишган, деган хулосага келган. 

Форднинг қариндошлари унинг шизофрения ва маниакал депрессиядан азият чекканини таъкидлаб, унинг ўлимидан сўнг Лос-Анжелес ҳукуматини судга беришган ва 75 миллион доллар талаб қилишган. Натижада томонлар камроқ пулга келишиб олишди. 

Форднинг ўлимидан кейин Лос-Анжелес ва Американинг бир қатор бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтган.