Россиялик боксчи Александр Поветкин Нью-Йорк штати Жанубий округ федерал судида допинг қабул қилиши ҳақидаги айбловларни рад этди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Спортчининг сўзларига кўра, шифокор Максим Красавиннинг тавсиясига биноан 2015 йилнинг сентябрида мельдоний қабул қилган. Ўшанда машқлар Қозоғистондаги тоғли ҳудудда ўтказилган.

Красавин ҳам Поветкинга бу дори воситасини икки ҳафта давомида қабул қилишни тавсия этганини тан олиб, у оғир жисмоний юкламаларда юрак учун жиддий хавфни келтириб чиқармаслигини айтиб ўтди.

Шу билан бир қаторда, боксчининг маълум қилишича, мельдоний 2016 йилнинг 1январь куни тақиқланган дори воситалари рўйхатига киритилганидан сўнг, уни қабул қилмаган.

Поветкин вакилларининг суд жараёнида келтирган маълумотига кўра, инсон организмида мельдоний излари уни қабул қилгандан кўп ойлар ўтиб ҳам қолиши мумкин.

Маълумот учун, 2016 йилнинг майида Поветкин қонида мельдоний топилгач, унинг Москва шаҳрида америкалик боксчи Деонтей Уайлдер билан жанги бекор қилинди. Бир ой ўтиб эса DiBella Entertainment Inc промоутерлик компанияси россияликни тақиқланган модда қабул қилишда ва жанг ўтказиш талабларини бузишда айблади ҳамда тахминан 5 миллион доллар тўлаб беришини суд орқали талаб қилди. Поветкин ва «Мир бокса» промоутерлик компанияси унга жавобан даъво аризасини йўллаб, америкаликлардан обрўга путур етказгани ва жангни тўхтатгани учун 34,5 миллион доллар талаб қилишди.

7 февраль куни Халқаро бокс федерацияси (IBF) Поветкин спорт рейтингларидан четлатилиши ҳақида хабар берди. 2 февраль куни унинг «Б» допинг намунаси тақиқланган остарин моддаси бўйича ижобий натижа берган.