Руминия адлия вазири Флорин Йордаке мамлакатда давом этаётган норозиликлар ортида истеъфога кетишга ариза берди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

"Мен истеъфога кетиш ҳақида ариза бердим. Мен нимаики қилган бўлсам, барчаси қонуний бўлганини тасдиқлайман", деб айтган Йордаке.

Руминияда ҳукуматнинг қоррупция бўйича судланганларни афв этиш қарори сабабли норозиликлар 22 январда бошланганди. Намойишчиларнинг таъкидлашича, ҳукуматнинг жиноят кодексига тузатишлар ва амнистия ҳақидаги фармонига кўра озодликка коррупциялашган сиёсатчилар ва хавфли жиноятчилар чиқиб кетади. Мамлакатда барҳам топмаётган тартибсизликлар сабабли Руминия адлия вазирлиги бу қонун лойиҳасидан воз кечган. Бу ҳужжат Руминияда судья ва прокурорларнинг касбий фаолиятини назорат қилувчи магистратура олий кенгашига топширилган.