Германиянинг дунёга машҳур BMW компанияси ўзининг фуқаролар учун моделлари дизайни билан шуғулланувчи мутахассисни танлади. Бу лавозимга Skoda компаниясининг собиқ бош дизайнери Йозеф Кабан лойиқ кўрилди. У янги вазифасида Карим Ҳабиб ўрнини эгаллайди.

M- ва i-моделларининг ташқи кўринишлари билан эса Домагой Дукеч шуғулланади. У 2010 йилдан буён BMW компаниясида ишлайди, бунгача айрим моделларнинг экстерьерларига масъул бўлган, хусусан, BMW i бўлимида фаолият юритган.

Кабан ҳам, Дукеч ҳам BMW компаниясига қарашли барча бўлинмаларнинг бош дизайнери Адриан ван Хойдонкка бўйсунади. 

Карим Ҳабиб 2012 йилдан BMW шеф-дизайнери бўлиб ишлаган. Тахминларга кўра, унинг янги иш жойи ҳам автомобиль саноати билан боғлиқ, аммо қайси компания экани ҳозирча номаълум. 

Йозеф Кабан BMW компаниясига қадар Volkswagen концернига тегишли компаниялар моделларининг дизайни билан шуғулланган. Хусусан, у Skoda Octavia, Kodiaq ва Superb, Volkswagen Lupo ҳамда Bugatti Veyron моделлари чизмасида иштирок этган.