Туркия ракетасозлигининг янги маҳсулоти — Bora баллистик ракетаси 1000 км.гача бўлган масофадаги нишонга зарба бера олади. 

2009 йил охиридан Туркиянинг "Рокетсан" компанияси узоқ масофага учувчи ракеталарни барпо қилиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Дастур Bora деб номланган. Айрим экспертларнинг фикрича, ушбу ракета 1000 км.гача парвоз қила олиши мумкин, деб ёзади Defense News.

Ушбу ракета Туркия мудофаа вазирлиги буюртмаси асосида ишлаб чиқилмоқда. Ҳозирча, тайёрлик даражаси номаълум. Туркия мудофаа вазирлиги сайтида жойлаштирилган "дастур мақоми" бандида етказиб беришлар лойиҳа жадвалига асосан амалга оширилиши қайд этилган. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Туркия узоқ масофага уча оладиган баллистик ракетасини ишлаб чиқиш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширса, минтақада кескинлик ортади ва қуролланиш пойгасига сабаб бўлади. 

Ҳозирда Туркиянинг қуруқликдаги қўшинлари ихтиёрида душман иншоотларига 120 км. масофадан бошқарилмайдиган ва бошқариладиган ракеталар ёрдамида зарба бериш имконини берувчи аслаҳалар бор. Бундан ташқари, Туркиянинг J-600T "Йилдирим" оператив-тактик ракета комплекси 150 км. узоқликдаги нишонни ура олади. Норасмий маълумотларга кўра, 600 мм.ли ракетага эга бу тизим 300 километрдан ортиқ масофани ортда қолдириши ҳам мумкин. Тахмин қилинишича, Bora ракетаси ҳам унинг негизида барпо этилмоқда. 

Умуман, худди шундай узоқ масофага уча оладиган баллистик ракета Шимолий Корея чизмалари асосида Эронда ҳам ишлаб чиқилди. Пентагон маъмуриятига кўра, 2017 йил 29 январида Эрон томонидан синалган баллистик ракета шимолий кореяликлар ёрдамида ишлаб чиқилган.