Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича барча масалаларни жорий йилда ҳал этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Ерик Утембоев хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, бугун мамлакатлар ўртасида бу масала бўйича ҳеч қандай муаммолар йўқ, фақатгина маълум бир вақтни талаб қилувчи келишувларга эришиш босқичлари қолган, холос.

"Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараларни демаркация қилиш масаласида ўзаро муносабатларнинг энг яхши моделини намойиш этишди. Биз бу масалада жуда илгарилаб кетдик ва яқин орада бу мажмуани якунлашга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бизда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ўзаро туташган нуқта бор. Ўйлашимча, биз жорий йилда барча жараёнларни якунлаймиз", - дея таъкидлаб ўтди қозоқ дипломати.

Мамлакатлар чегараларни демаркация қилиш бўйича махсус ишлаб чиқилган режа доирасида ишламоқда. Тошкентга бир қанча муддат илгари ташриф буюрган қозоқ делегацияси бу йўналиш бўйича бир қанча масалаларни муҳокама қилди.

"Бу масалада катта олға силжиш бор, фақатгина техник келишувларга эришиш қолди", - дея таъкидлаб ўтди Утембоев.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара масофаси 2,1 минг километрдан кўпроқни ташкил этади.