2017 йилнинг 8 февраль куни Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон-Кувайт бизнес форуми бўлиб ўтди. Форум ишида Кувайт давлатида расмий ташриф билан бўлиб туган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати делегацияси иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Форумнинг очилиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кувайт Савдо-саноат палатасидаги тадбирдан бағоят мамнун бўлганини изҳор этди. Ушбу тадбир савдо-иқтисодий, молиявий-инвестицион ва бошқа соҳаларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини биргаликда белгилаб олишга хизмат қилади.

Вазир Ўзбекистон-Кувайт алоқаларини янада изчил ривожлантириш ва давлатлар ўртасидаги ишлатилмаган салоҳиятдан фаол фойдаланиш учун улкан имкониятлар мавжудлигига алоҳида урғу берди. Таъкидланганидек, ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий ва молиявий-инвестицион йўналишлари Кувайт билан икки томонлама муносабатларда энг устувор ва истиқболли соҳа сифатида қаралади.

Кувайт ишбилармонлар доирлари бизнес-форум якунлангандан сўнг Ўзбекистон ҳақида, унинг ҳозирги ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва истиқбол учун устувор йўналишлар ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётидаги тадбиркорлик фаолияти учун яратилган улкан имкониятлар тўғрисида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишларига умид қилинди.

Таъкидландики, бизнес соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун ҳозирги пайтда Ўзбекистонда барча зарур шароитлар яратилган: давлатлар ўртасида қалин ва ишончли сиёсий мулоқот ўрнатилган, икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси шакллантирилган, хорижий инвесторлар учун қулай инвестиция муҳити яратилган.

Нутқ давомида қайд этилдики, бир неча марта бўлиб ўтган икки томонлама учрашувлар, жумладан 2016 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кувайт Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ ал-Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан мулоқоти савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни фаол ривожлантириш ва кенгайтириш, ўз мамлакати ишбилармон доираларини алоқа ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга рағбатлантириш учун икки томонда ҳам сиёсий ирода мавжудлигидан далолат берди.

Нутқда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг ҳуқуқий кафолат ва имтиёзлар тизими шакллантирилди, корхоналарнинг хорижий инвестициялар иштирокидаги фаолиятини рағбатлантириш бўйича чора тадбирлар тизими ишлаб чиқилди.

Бизнес-форум ишида Кувайт Савдо-саноат палатаси Директорлар кенгаши аъзолари, етакчи Кувайт компаниялари, жумладан “КИРCО”, “КАМCО”, Кувайт инвестицион компаниялари, Кувайт инвестиция агентлиги, “Thuwany Trading Company” компанияси, “Burgan Bank” банки вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.