Расмий ташриф билан Кувайтда бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 8 февраль куни Кувайт бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ ал-Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Ўзбекистон ва Кувайт ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди доирасидаги музокараларда икки томонлама ва халқаро кун тартибдаги бир қатор масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилган.

«Абдулазиз Комилов Кувайт ТИВ раҳбарини ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди», — дейилади ТИВ ахборотида.

Учрашув якунларига кўра олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим, дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисида Битим ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва Кувайтнинг араб иқтисодий тараққиёт фонди (КАИТФ) ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

«Мазкур Меморандум умумий қиймати 60 миллион доллар бўлган ижтимоий лойиҳаларни келгуси йилларда молиялаштиришда КАИТФнинг иштироки кўзда тутади», — дейилади ТИВ ахборотида.