Истеъмолчиларни мустаҳкам электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, “Ўзбекэнерго” АЖнинг Инвестиция дастурлари асосида янгидан қурилаётган “Талимаржон ИЭС” УКда 450 МВт қувватли ва “Тошкент ИЭС” УКда 370 МВт қувватли буғ-газ қурилмалари тўлиқ қувватларда ишга туширилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда “Ўзбекэнерго” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Рўзиқул Райимов Kun.uz билан ўтказилган суҳбатда айтиб ўтган.

- Вилоятлардаги туманларнинг электр таъминотидаги ҳолати қачон яхшиланади? Шунга оид қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661-сонли “2017-2021 йилларда паст кучланиш тармоқларни модернизация ва янгилаш ҳисобига республика шаҳар ва қишлоқ аҳолисини электр энергиясидан фойдаланишини яхшилаш Дастури” қарори доирасида 2017-2021 йилларда 34 023 км. электр узатиш тармоғи ва 6931 дона трансформатор пунктларини янгилаш ва реконструкция қилиш натижасида республикамиздаги 2300 та маҳаллада яшовчи 2.5 миллиондан ортиқ истеъмолчининг электр энергияси таъминоти яхшиланади, электр энергиясини узатиш ва тақсимлашда йўқотишларни камайтириш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги 245-сонли Қарорининг 7-бандида, “Истеъмолчи ўзига тегишли электр тармоқларига, рухсат этилган қувват миқдори даражасида кучланиши 1000 Вольтгача бўлган қўшимча электр қурилмаларини улаши мумкин (электр энергиясини иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун қўлланишидан ташқари)”, деб белгилаб қўйилганлигига қарамасдан электр энергиясидан иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун нооқилона фойдаланишлари оқибатида электр энергиясига бўлган талаб кескин ошиб кетмоқда, - деди Рўзиқул Райимов. - Натижада зўриқиш ҳолатлари энергетика тизимини танг аҳволга олиб келмоқда ва энергетика тизимида қувват танқислиги вақтларида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган чеклов жадваллари қўлланилмоқда.

- Электр таъминотидаги тўловларни ўз вақтида ва ҳаттоки бир-икки ой олдиндан тўлаб қўяётган фуқаронинг хонадонида электр таъминотининг узилишини қандай изоҳлаш мумкин? Қарздорларнинг ёки электр энергиясидан ноқонуний фойдаланётганларнинг хонадонларидаги электр таъминотини алоҳида узиб қўйишнинг техник томонидан иложи борми?

- Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭЭ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги 1795-сонли, 2013 йил 20 майдаги 1969-сонли, 2014 йил 2 майдаги 2171-сонли ва 2016 йил 17 июндаги 2548-сонли Қарорларига асосан Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ва Жиззах вилоятининг Янгиобод туманларида электр энергияси ҳисобини юритишини назорат қилиш (АСКУЭЭ) тизими лойиҳаси синов тариқасида амалга ошириш режа асосида бажарилмоқда. Бунинг натижасида фойдаланилган электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан автоматик тарзда ўчирилади ва электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган истеъмолчиларга бир меъёрда мустаҳкам электр энергияси етказиб бериш таъминланади.

- Ҳар бир хонадонда, ҳар бир шаҳар ёки туманга ва ниҳоят ҳар бир вилоятга лимит ажратилади, деган гапларни қандай изоҳлайсиз ва бу ҳақиқатга қанчалик яқин?

- Ҳудудий-электр тармоқ корхоналари бўйича электр энергияси истеъмол режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси”га кўра тақсимланган.

- “Ўзбекэнерго” АЖнинг жойлардаги корхоналарида ишловчи раҳбарлар, ходимлар ўз вазифаларини виждонан адо этишмаяпти ёки пухта билишмайди. Буларга нисбатан бирор чоралар кўриладими?

- “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан жойларда ушбу ҳолатлар аниқланган тақдирда масъул ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилмоқда. Бундан ташқари, кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларни малакасини ошириш бўйича ўқитиш ва ходимларни билим синовларидан (аттестация) ўтказиш ишлари доимий равишда амалга ошириб борилмоқда, деб таъкидлаб ўтди суҳбат давомида Рўзиқул Райимов.