Ўзбекистонлик фермерлар, агросаноат комплекси мутахассислари ва олимлари ушбу соҳадаги тажрибани ўрганиш мақсадида Вьетнамга кетишди. 

2017 йил 7–13 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев раҳбарлигидаги делегация Вьетнам Социалистик республикасида расмий ташриф билан бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, иккала мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги Вьетнам тажрибасини ўрганишдир.

Делегация таркиби қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, шунингдек, фермерлардан иборат.

Вьетнам аҳолиси сони бўйича дунёда 13-ўринда туради. У ерда 76 млн киши истиқомат қилади. Шундан 34 млн киши меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. Гарчи сўнгги бир неча ўн йилларда республика саноати жадал суръатларда ривожланаётган бўлса-да, аграр соҳа иқтисодиётнинг асосий бўғинларидан бири бўлиб қолмоқда. Қишлоқ хўжалигининг ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)даги улуши 21 фоизни ташкил этади. Меҳнатга яроқли аҳолининг 50 фоизга яқини қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Ҳар бир оила 1 гектардан бир неча гектаргача бўлган ерларга ишлов беришади.