10 февралдан 11 февралга ўтар кечаси Қуёш, Ер ва Ой деярли бир чизиққа тизилишади. Бу бироз ноаниқлик сабабли Ой Ернинг фақатгина яримсоясига киради ва ярмига тутилади.

11 февралда Ой Ернинг яримсоясига Тошкент вақти билан соат 3:30ларда кира бошлайди ва унинг гардиши секин қоронғилашиб боради. Соат 5:44да Ойнинг максимал қоронғилашишини кўриш мумкин. Шундан кейин Ой Ернинг яримсоясини секин-аста тарк этади ва ёрқинроқ бўла бошлайди.  

Агар Қуёш, Ер ва Ой бир тўғри чизиққа идеал тизилса, Ой тўлиқ тутилади. Ўшанда у қизил-алвон рангга кириб, тўлиқ ой тутилиши юз беради. Бу ҳодисани қуролланмаган кўз билан ҳам бемалол кўриш мумкин. Афсуски, бугунги кеча ва умуман жорий йилда бу ҳодиса юз бермайди. Бироқ 2018 йилда Ер аҳолисини иккита тўлиқ ой тутилиши кутмоқда.

Жорий ой тутилиши схемасини Time And Date ресурсида кўриш мумкин, бу ерда ўз шаҳрингизни танлашингиз мумкин. 

Таъкидланишича, юқоридаги ҳодисани кузатишга арзимас булутлилик ҳам халақит қилади.