АҚШ ИШИД террорчилик гуруҳи ва ўзининг бошқа душманларини йўқ қилмагунча тинчимайди, дея маълум қилди Қўшма Штатлар вице-президенти Майк Пенс.

"Америка юзма-юз келаётган таҳдидлар ҳеч қачон ҳозиргидек кўп бўлмаган. Бироқ ишонишингиз мумкин: президент Трамп ва унинг маъмурияти ҳамда бу мамлакат душманлар йўқотилмагунга қадар ва бизнинг давлат яна хавфсизликка қайтмагунча тинчимайди", - деди Пенс Нью-Йорк штатидаги Уэст-Пойнт Ҳарбий академиясида чиқиш қилиб.

Пенснинг таъкидлашича, "радикал экстремизм кучлари нафақат америка халқи, балки бутун борлиқнинг ўзини ҳам йўқ қилишга интилмоқда".

"ИШИД ваҳшийлари уларга жаҳон ҳалифати яратишга ҳалал бераётганлар билан шафқатсизларча кураш олиб боради. Жангарилар биз уларни тўхтатмагунимизга қадар тўхташмайди. Биз эса уларни, албатта, тўхтатамиз", - деди Пенс.