Тез орада Англия футбол ассоциациясида катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Британиянинг етакчи нашрлари томонидан ёзилишича, инглиз парламенти федерацияга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилган. Парламент аъзолари FA бу қарорни рад этадиган бўлса, уларга давлат томонидан модернизация учун ажратиладиган 30-40 миллион фунт миқдоридаги маблағ берилмаслиги билан огоҳлантирган. Шунингдек ассоциацияда ўзгаришлар бўлмаса, парламент кескин чоралар кўришини билдириб ўтган.

FA фаолиятини тадқиқ қилувчи қўмита 2010 йилдан буён 2 марта ташкилотга кўпроқ эътиборни мухлислар ва оммавий футболга қаратиш бўйича тавсиявий баёнот билан чиққан.

FA‘га бунинг учун 6 ой муҳлат берилган, бироқ бу талаблар бажарилмаган. Шунингдек, ассоциация раҳбариятининг молиявий кўрсаткичлари ва тайинланиш муддати бўйича ҳам талаблар ижросиз қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат футбол иттифоқига Ҳукуматнинг аралашуви жиддий санкцияларга сабаб бўлиши мумкин. Мисол тариқасида, Англия ФИФА ва УЕФА байроғи остида ўтадиган барча турнирлардан четлатилиш хавфи остида қолмоқда.