Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат ҳисобига қўйиш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ–2486-сонли қарорини амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисидаги 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли Ҳукумат қарорига мувофиқ, тадбиркорлик субъектларини – юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишнинг мутлақо янги тартиби ўрнатилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Ҳукумат қарорини тайёрлашда иштирок этган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг “Ўзбекистон Бизнес-форуми” қўшма лойиҳаси бизнесни рўйхатдан ўтказишнинг янги тизими жорий этилиши билан нима ўзгариши ҳақида ҳикоя қилади.

Демак, 2017 йилнинг апрел ойидан бошлаб, бизнесни рўйхатдан ўтказиш механизмини батафсил ёритиб берувчи ягона ҳужжатни тасдиқлаш йўли билан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тартиботини тартибга солувчи 62 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топилади.

Феврал ойидан бошлаб “ягона дарча” марказлари барча тадбиркорлик субъектлари учун ягона рўйхатдан ўтказувчи орган этиб белгиланди, банклар ва кредит бюролари бундан мустасно. Давлат статистика қўмитасининг фирма номини захира қилиб қўйишга доир, Давлат солиқ қўмитасининг тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирувчи якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатдан ўтказишга доир, шунингдек Адлия вазирлигининг чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, суғурталовчилар ва суғурта брокерлари, аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, биржалар, ломбардлар, инвестиция фондлари, бозорлар ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишга доир функциялари 194 та “ягона дарча” марказларига топширилади.

2017 йилнинг апрел ойидан бошлаб, бизнесни рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида ариза юборилган пайтдан эътиборан 30 дақиқа давомида амалга оширилади, қуйидаги икки ҳолат бундан мустасно – рўйхатдан ўтказилиши 16 иш соати давомида амалга ошириладиган устав фондининг оширилиши ва таъсисчиларнинг улушлари (ҳиссалари) бошқа шахсга ўтиши.

Бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек қайта рўйхатдан ўтказишга аризани қуйидаги усуллардан бири орқали топшириш мумкин – my.gov.uzга интеграция қилинган, 24/7 режимида ишловчи автоматлаштирилган рўйхатдан ўтказиш тизими орқали, ёки аризачида Интернетдан фойдаланиш имконияти бўлмаган тақдирда – рўйхатдан ўтказиш жойидаги республиканинг барча туманлари ва шаҳарларида душанбадан жумагача, 9:00 дан 18:00 гача дам олишсиз ишлайдиган “ягона дарча” марказларига мурожаат қилган ҳолда.

Юридик шахсни (тижорат ташкилотини) рўйхатдан ўтказишда тақдим этилаётган ҳужжатлар сони 6 тадан 2 тагача қисқартирилди, яъни фақатгина ариза ва таъсиси ҳужжатлари талаб этилади (шунингдек топшириш далолатномаси ва тақсимлаш баланси тақдим этилиши лозим бўлган қўшиб юбориш, бўлиш ҳамда ажратиб чиқариш ҳолатлари бундан мустасно), якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 7 тадан 1 тагача қисқартирилди, яъни фақатгина ариза тақдим этиш талаб этилади.

Ягона портал – my.gov.uz орқали автоматлаштирилган тизим воситасида рўйхатдан ўтказиш тартиботи ҳозир бўлган тартибда мурожаат қилишга нисбатан бир қатор устунликарга эга эканлигини таъкидлаш жоиздир. Хусусан, биринчидан рўйхатдан ўтказувчи органга қоғоз шаклидаги ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурати бўлмайди, бу эса аризачиларни рўйхатдан ўтказувчи органга, шунингдек рўйхатдан ўтказишга давлат божларини тўлаш учун банк кассаларига шахсан боришлари мажбуриятидан озод қилади, натижада аризачининг билвосита харажатлари қисқаради, иккинчидан ҳужжатлар Интернет орқали топширилганда рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божлари ставкалари ҳозир бўлиш тартибида мурожаат қилиш ҳолатига нисбатан икки баробар паст қилиб белгиланган, учинчидан бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни топширишни аризачига қулай бўлган исталган вақтда бошлаш, тўхтатиш ёки расмийлаштиришни қайтадан давом эттириш мумкин.

Қуйидаги муҳим қулайлик мавжуд – рўйхатдан ўтказишга сўровнома танланаётган фирма номини автоматик тарзда текширишни инобатга олган ҳолда аризачи томонидан маълумотларни асосан очиладиган менюдан танлаш йўли билан онлайн тўлдирилади, бу эса ноаниқликларни бартараф этади, тақдим этилаётган маълумотларни стандартлаштиради ва уларни қайта ишлашни соддалаштиради. Шунингдек, бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан имзолаш талаб этилмайди, бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ягона порталда унда кўрсатилган усуллардан бири орқали масофадан рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Аризачиларнинг хоҳишига кўра, автоматлаштирилган тизим аризада кўрсатилган маълумотлардан келиб чиқиб шакллантирадиган, таъсис ҳужжатларининг намунавий шаклларидан фойдаланиш ёки аризага сканер қилинган таъсис ҳужжатларини илова қилиш мумкин. Илк маротаба давлат божларини республикада фаолият юритиб турган электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш мумкин бўлади, бунда аризачидан белгиланган давлат божи ставкасининг 1 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ўз фаолиятларини вақтинчалик тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги аризани автоматлаштирилган тизим орқали топширишлари мумкин бўлади, бу эса ЯТТнинг солиқлар тўламаслик билан боғлиқ бўлган таваккалчиликларини соддалаштириш ва пасайтиришга ёрдам беради. Тадбиркорлик субъекти барча тегишли ваколатли давлат (лицензияловчи ва ҳоказо) органларини унинг манзили (жойлашган жойи, яшаш жойи) ўзгарганлиги тўғрисида автоматлаштирилган тизим воситасида бир вақтнинг ўзида хабардор қила олади, бу эса давлат органларига алоҳида хабарномалар жўнатишга зарурият қолдирмайди. Шунингдек, қайта ташкил этиш тўғрисидаги ахборотни босма оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш тўғрисидаги талабни бекор қилади, бунда ахборотни кредиторлар танишиб чиқишлари учун Ягона порталда элон қилиш етарли бўлади, бу эса тадбиркорлар харажатларини камайтиради.

Бизнесни рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асосларнинг батафсил рўйхати белгиланган. Демак, рўйхатдан ўтказиш учун сўровнома тўлдирилаётганда кўрсатилган маълумотлар автоматлаштирилган тизимнинг тегишли маълумотлар базалари бўйича автоматик тарзда текширилади.

Юридик шахсни ва ЯТТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек уларнинг дубликатларини махсус бланкларда қоғоз кўринишида бериш амалиёти бекор қилинади, бу эса рўйхатдан ўтказувчи органларнинг уларни тайёрлаш учун кетадиган йиллик харажатларини қисқартиради. Тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома ва таъсис ҳужжатларини исталган вақтда ҳамда исталган нусхада нашр қилиб олишлари мумкин. Шу тарзда, давлат органлари Ягона порталдаги Электрон ҳужжатларнинг репозиторийси орқали қайта ташкил этиш тўғрисидаги гувоҳномадан фойдаланиш (шу жумладан, лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар беришда, банк ҳисоб рақами очишда ва бошқа турдаги давлат хизматларини кўрсатишда), шунингдек автоматлаштирилган тизим воситасида, тадбиркорлардан талаб қилиб олмасдан таъсис ҳужжатларидан фойдаланишга тадбиркорлардан рухсат олишларига имкон берувчи механизм йўлга қўйилди. Автоматлаштирилган тизимда мавжуд бўлган, бизнесни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча электрон ҳужжатлар, шунингдек сканер қилинган ҳужжатларга гиперҳаволалар, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш қулайлигини инобатга олган ҳолда электрон ҳужжатларнинг репозиторийсида сақланади.

Тадбиркорлик субъектига Тизим имкониятларидан фойдаланган ҳолда унга тааллуқли бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар давлат органлари томонидан сўралган ҳолатлари тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқи берилган, қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик субъекти эркин фойдаланиши тақиқланган ахборот бундан мустасно.

Юритилиши марказлаштирилган тарзда электрон кўринишда амалга ошириладиган Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрида (ТСЯДР) мавжуд бўлган долзарб маълумотларнинг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имконини ошириш ўта муҳимдир. Ягона порталга жойлаштириладиган ва улар ўзгариши биланоқ ҳар соатда янгиланиб бориладиган маълумотларнинг энг кам ҳажми белгиланди. Демак, юридик шахслар тўғрисидаги қуйидаги ахборотдан оммавий фойдаланиш мумкин бўлади: номи, СТИР, мақоми (фаолият юритаётган, тугатилиш жараёнида, фаолиятини тўхтатган), ташкилий-ҳуқуқий шакли, мулкчилик шакли, устав фондининг миқдори, қимматли қоғозлари тўғрисидаги ахборот, манзили ва бошқалар; ЯТТлар қисмида эса: исми, фамилияси, СТИР, амалга оширилаётган фаолият тури, жинси ва бошқалар.

Рўйхатдан ўтказиш маълумотлари ўртасидаги фарқланишларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг нисбатан устунлигини аниқлаш қоидалари белгиланган. Демак, таъсис ҳужжатларидаги маълумотлар бир биридан фарқ қилганида, рўйхатдан ўтказувчи органда сақланаётган ҳужжатлар нисбатан устунроқ кучга эга бўлади. ТСЯДРдаги таъсис ҳужжатлари ва ёзувлардаги маълумотлар бир биридан фарқ қилганида, ТСЯДРдаги ёзувлар нисбатан устунроқ кучга эга бўлади. ТСЯДРдаги ва 2017 йилнинг 1 апрелига қадар юритиладиган реестрлардаги ёзувлар бир биридан фарқ қилганида, ТСЯДРдаги ёзувлар нисбатан устунроқ кучга эга бўлади. Рўйхатдан ўтказиш маълумотлари ўртасидаги фарқланишлар таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар ёки қўшимчаларни киритиш йўли билан тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан амалга оширилади.

Шу билан бир қаторда, рўйхатдан ўтказувчи ва ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорлик, маълумотлар алмашиш, уларни солиштириш ҳамда бошқа масалалар алоҳида ҳужжатга ажратилган, бу эса ҳам тегишли давлат органлари ходимлари учун, ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун (тадбиркорларга тааллуқли бўлмаган ички тартиботларни ўрганиб чиқиш заруратини истисно қилгани ҳолда) қўшимча қулайликлар беради.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида назарда тутилган, бизнесни рўйхатдан ўтказиш тизимини ислоҳ қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш давлат хизматининг – “бизнесни рўйхатдан ўтказиш”нинг шаффофлиги ва сифатини сезиларли даражада оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистонни 2017–2021 йиллрда ривожлантиришга доир ҳаракатлар стратегиясида мамлакатнинг Жаҳон банки “Doing Business” тадқиқотларидаги давлат халқаро рейтингини оширишни таъминлашга оид вазифа қўйилган. Демак, “Ўзбекистон Бизнес-форуми” қўшма лойиҳаси экспертлари баҳолашига кўра, корхоналарни рўйхатдан ўтказишнинг янги механизми Жаҳон банкининг навбатдаги “Doing Business-2018” тадқиқотларида “бизнесни рўйхатдан ўтказиш” меъзонига ижобий таъсир қилади.

Жаҳон банки услубиятига мувофиқ, бизнесни рўйхатдан ўтказиш янги тартибга кўра иккита жараёнда (биринчиси – барча рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тартиботларини автоматлаштириш билан реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиш, иккинчиси – тақдим этиладиган қоғоз ҳужжатларни камайтириш билан банк ҳисоб рақамини очиш) амалга оширилади. Бизнес юритишни бошлаш билан боғлиқ бўлган барча расмиятчиликларни инобатга олган ҳолда корхонани очиш жараёни (ушбу вақтга фирма номини захирага олиб қўйиш, рўйхатдан ўтказиш учун давлат божини тўлаш, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини олиш, муҳрни тайёрлаш, солиқ органларида, статистика органларида ҳамда Халқ банкида ҳисобга қўйиш, шунингдек банкда ҳисоб рақамини очиш киради) бир кундан кам вақтни талаб қилади.

Рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар (деҳқон ва фермер хўжаликларидан ташқари) сони 2017 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра 285,3 минг донани ташкил этганлигини эслатиб ўтамиз, шундан фаолият юритаётганлари – 268,4 мингта ёки рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар умумий сонининг 94,1 фоизини ташкил қилади.

2016 йил якунларига кўра, 32,7 мингта корхона ва ташкилотлар, шу жумладан 31,7 мингта кичик бизнес субъектлари янгидан рўйхатдан ўтказилган. Янгидан тузилган корхона ва ташкилотларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (республикада барча рўйхатдан ўтказилганларнинг 23,7 фоизи), Тошкент (9,1 фоизи), Фарғона (8 фоизи) ва Самарқанд (7,3 фоизи) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.