БМТ бош котиби Антониу Гутерреш Яқин Шарқ давлатлари бўйича илк турнесига жўнайди ҳамда Туркия ва Германияга ҳам ташриф буюради. Гутерреш Германияда хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманида ва "катта йигирматалик" учрашувида иштирок этади. Бу ҳақда БМТ матбуот хизматида маълум қилинди.

Гутерреш Туркияга Нью-Йорк вақти билан 9 февралда тунги вақт (Тошкент вақти билан 10 февраль) жўнаши белгиланган. БМТ бош котиби Истанбулда Туркия президенти ва бош вазири билан учрашади. Гутерреш сўнгра Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга ташриф буюриб, у ерда мамлакат қироли, валиаҳд шаҳзода ва унинг ўринбосари билан учрашади. Гутерреш Саудия Арабистонидан Дубайга йўл олади ва у ерда халқаро ҳукумат саммитида ва БАА раҳбарияти билан учрашади.  Гутерреш, шунингдек, Уммон ва Қатарга ташриф буюради.

БМТ бош котиби Мисрда президент Абдул-Фаттоҳ Ас-Сисий ва Миср ҳукумати аъзолари билан учрашади.

Гутерреш Мисрдан Германиянинг Бонн шаҳрига G20’нинг вазирлик саммитига, сўнгра Мюнхен анжуманига йўл олади. "Бош котиб тинчлик ва кўп томонлама ёндашувга содиқлик учун дипломатияни кўтариш зарурлиги масаласини кўтаради. У давлатларга ўзаро ишончни йўлга қўйиш ва халқаро тинчликка хавф солувчи таҳдидларга жавоб беришда ёрдам бериш учун БМТнинг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида бошлаган турли даражадаги ислоҳотларини таъкидлаб ўтади", деб айтилди хабарда.