Боливия ҳукумати эълон қилган фармонга мувофиқ, эндиликда, 17 ёшга тўлган фуқаролар ҳам мамлакат қуролли кучлари сафида хизматни ўташлари мумкин бўлади. Генерал Рамиро Мохики сўзларига кўра, ҳукумат қарори ёшларнинг армияда хизмат қилишга жуда қизиқиши билан боғлиқ. 

Қуролли кучлар вакилининг изоҳ беришича, 17 ёшга тўлган ўсмир йигитлар, ота-оналаридан ёзма рухсат олиб, махсус ариза топширишса, ҳарбий хизматга қабул қилиниши мумкин. Аммо, Боливия армиясида мажбурий хизмат ёши ўзгартирилмаган. Бу борада ёш чеклови 18 йил этиб белгиланган. 

Эътиборли жиҳати шундаки, ўтган йили мамлакат Конституциявий суди 18 ёшга тўлмаган боливияликлар қуролли кучлар сафига кира олмаслиги хусусида қарор чиқарган эди. Улар фақат дам олиш кунлари ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари мумкин эди. 

Боливияда 18-22 ёшдаги йигитлар бир йиллик муддатга ҳарбий хизматга чақирилади. Ҳарбий хизматчи, диний қараши ёки эътиқодидан келиб чиқиб ҳарбий мажбуриятни бажаришдан бош тортиши мумкин эмас.