Дунёда энг оғир аёл ҳисобланувчи, 500 кг га яқин вазнга эга мисрлик аёл Иймон Аҳмад Абдулатий 11 февралда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрига даволаниш учун келади, деб хабар бермоқда Hindustan Times нашри.

Аёл воқеаси ҳақида 2016 йил октябрда Al Arabiya телеканали маълум қилган. Шифокорлар Искандариянинг 36 ёшли фуқаросининг ҳолатини "фил касаллиги" ва "безлар хуружи" деб таърифлашган. Аёл инсультни бошдан кечирган ва ётиб қолган. 

2016 йил охирида аёл воқеасига бариатрик ва лапароскопик жарроҳлик билан шуғулланувчи мумбайлик шифокор Муффазал Лакдавала эътибор қаратган ва аёлга ёрдам бериш таклифини билдирган. У Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараждан аёлнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмак кўрсатишни сўраган, чунки унинг ўзи қонунларга мувофиқ, Ҳиндистоннинг Мисрдаги консуллигига суҳбатга кела олмаган. Вазирнинг аралашувидан кейин аёл Ҳиндистонга виза олган.

Абдулатий шанба куни тонгги 04:10да Мумбайга Egyptair авиакомпаниясининг уни транспортировка қилиш учун модификация қилинган Airbus 300-600 юк самолётида келтирилади. У Мумбайга келиши билан Сайфи госпиталига олиб келинади. 

Аввалроқ маълум қилингандек, аёлнинг даволанишига бир неча ой талаб қилинади. Аввал у бир қатор таҳлиллардан ўтади, шундан кейин керакли операциялар ўтказилади. Операциялар жарроҳлик аралашуви муваффақиятли ва аёл учун асоратсиз кечаётганини кафолатлаш мақсадида босқичма-босқич, танаффуслар билан амалга оширилади. Лакдавала аёлни даволашга кетадиган харажатлар хайр-эҳсонлар ҳисобига қопланишига умид қилмоқда. У шу мақсадда change.org сайтида маблағлар йиғишни ташкиллаштирган.

Вазир Свараж эса ноодатий меҳмонга муваффақият тилаб қолган.

Ўз навбатида, шифокор Сваражга виза борасида кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирган ҳамда у "Иймонга яшаш учун иккинчи имконият берганини" айтган.