Макроиқтисодий мутаносиблик ва барқарор ўсиш суръатларига эришишнинг муҳим шартларидан бири иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни изчил давом эттириш, шу жумладан, маҳаллий хомашё ҳамда материалларни чуқур қайта ишлаш орқали ишлаб чиқариш ва экспорт таркибида юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар улушини кўпайтириш ҳисобланади. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ушбу йўналишда амалга оширилаётган аниқ ҳамда кенг кўламли ислоҳотлар қўлга киритилаётган улкан натижаларга мустаҳкам замин яратмоқда. Ўтган чорак асрда Ўзбекистон иқтисодиёти 6 баравар ўсгани, ҳали-ҳануз давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан, юртимизнинг барқарор ривожланиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини кучайтириш ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли стратегияни рўёбга чиқариш, муваффақиятларни мустаҳкамлаш учун яна бир қатор долзарб масалаларни ҳал қилиш талаб этилади. Хусусан, мамлакатда энергетика ресурсларидан фойдаланиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, тараққиётнинг энергия самарадорлигини таъминлайдиган моделига ўтиш бугунги кун заруратидир.

Бинобарин, республикамизда саноатлашиш суръати ҳамда аҳоли сонининг жадал ўсиши туфайли энергия истеъмоли, айниқса, иқтисодиёт тармоқларининг энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада ортиб бораверади. Чунки БМТ прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолиси 37 миллион нафарга етиши мумкин.

Бу, ўз навбатида, углеводород ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишни тақозо қилади.  Нега деганда, ушбу хомашё захиралари чегараланган. Ҳисоб-китобларга қараганда, ресурслар истеъмолининг бугунги ҳажми сақланиб қоладиган бўлса, 2030 йилда энергетика ресурсларининг танқислиги жами эҳтиёжга нисбатан 65,4 фоизни ташкил қилиши эҳтимоли бор.

Углеводород ресурслари орасида табиий газга алоҳида эътибор талаб этилади. Чунки электр энергетикасида бирламчи иссиқлик-энергетика ресурслари эҳтиёжлари таркибида табиий газга боғлиқлик 85 фоиздан ортади. Табиий газ сарфининг 42 фоизи электр энергиясини ишлаб чиқаришга, 27 фоизи аҳоли, 26 фоизи иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини таъминлашга тўғри келади. Шунинг ўзиёқ, биринчи галда, табиий газдан иссиқлик электр станциялари (ИЭС)да электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатади. 

Афсуски, бугунги кунда соҳанинг жорий техник ҳолати шу даражадаки, ИЭСда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархида харажатлар улуши ўртача 94,5 фоизни, айрим станцияларда эса 100 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда. Иссиқлик электр станция-ларида соҳавий асбоб-ускуналарнинг эскириши ўртача 91,73 фоиз экани бунга сабаб бўлаётир. 2015 йилда “Ўзбек¬энерго” АЖ конденсацион иссиқлик электр станцияларида электр энергиясини ишлаб чиқаришда фойдали иш коэффициенти 28,4 — 42 фоиз ўртасида, ўртача эса 33,5 фоизни ташкил қилди. Бу Европа Иттифоқи, Жануби-Шарқий Осиёда фойдаланилаётган шу турдаги замонавий иссиқлик электр станциялари кўрсаткичларидан 1,5 баравар камдир. Табиийки, 1 кВт. соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун хориждаги электр энергияси ишлаб чиқарувчилари билан таққослаганда кўпроқ иссиқлик-энергетика ресурслари сарфланмоқда. Масалан, 2015 йилда Европа Иттифоқи мамлакатлари замонавий ИЭСларида 1 кВт. соат электр энергиясини ҳосил қилишга 269 грамм шартли ёнилғи сарфланган бўлса, “Ўзбекэнерго” АЖ иссиқлик электр станцияларида бу кўрсаткич қарийб 374,9 граммга етади.

Ҳозирги кунда Навоий, Толимаржон, Тошкент иссиқлик электр станцияларида амалга оширилаётган буғ-газ ва газ турбинаси қуриш ишлари, шунингдек, яқин келажакда Тўрақўрғон, Тахиатош, Сирдарё ИЭСларида ҳам бундай ишлар кўзда тутилаётгани соҳада ёнилғи сарфини 1 кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 269 — 300 граммгача шартли ёнилғига қисқартириш имконини беради. Бу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, энергетика соҳасида барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги стратегик вазифалардан бири бўлган ёнилғини қатъий тежаш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш таннархини пасайтиришга хизмат қилади.

Кимё саноатидаги юқори энергия сарфи ўз-ўзидан маҳсулот таннархининг ортишига ҳамда унинг етарли даражада рақобатдош эмаслигига асосий сабаб бўлмоқда.  Ўзбекистон кимё саноати корхоналарида маҳсулот чиқариш нархида харажатлар улуши 99,7-100 фоизни ташкил қилади. Улардан 64 фоизи айнан энергетика ресурсларига сарфланади. Ваҳолонки, замонавий технология ва асбоб-ускуналарни қўллайдиган хорижий корхоналарда бу кўрсаткич 25 — 30 фоиздан иборат, холос. 

Хусусан, Ўзбекистонда бир тонна аммиак ишлаб чиқаришга 1868 куб метр табиий газ сарфланади. Агар бу жараёнда Haldor Topsoe русумли замонавий ускуналардан фойдаланилганда, мазкур кўрсаткич 902 куб метрдан ошмайди. Яъни юртимиз корхоналарида аммиак ишлаб чиқаришга табиий газ сарфи замонавий технологиялар қўлланилгандагига қараганда 2,1 баравардан ҳам зиёддир. Бундай ишлаб чиқариш субъектларида электр энергияси турдош замонавий корхоналардагига нисбатан 1,5 — 2,5 баравар кўп ишлатилади. Қолаверса, эскирган асбоб-ускуналар таъмирталаб бўлиб қолгани сабабли уларнинг эксплуатацияси харажатлари 1,5 — 2 баравар кўпроқдир.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатаяптики, Ўзбекистонда бирмунча тежамкор қувватлар ишга туширилса, энергия сарфини 2 — 2,5 бараварга, аммиакнинг таннархини эса 1,8 бараварга пасайтириш мумкин. Бундай ҳолат бошқа турдаги минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда ҳам кузатилмоқда. Масалан, азот ишлаб чиқаришда маҳсулот таннархида энергия ресурсларининг улуши 70 фоиздан ортиқни ташкил қилади, энергия сарфи эса хориждагига нисбатан 2 — 2,5 баравардан ошади.

Умуман, кимё саноатида энергия истеъмоли бир фоизга камайиши маҳсулот таннархини 0,6-0,8 фоизга пасайтириш имконини беради.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугун кимё соҳасидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар монопол маҳсулотлар реестрига киритилган. Монопол маҳсулот нархида кўзда тутилган даромад ҳар доим ҳам ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш, корхонани ривожлантириш ҳамда молиявий-иқтисодий хавфларнинг олдини олиш мақсадида ўз айланма маблағини тўлдириш учун етмайди.

Бундан ташқари, минерал ўғит сотиб оладиганлар — қишлоқ хўжалиги корхоналарининг дебитор қарздорлиги, иккинчи тарафдан ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг меъёрдан зиёд қолдиғи мавжудлиги туфайли вазият янада чуқурлашиб, энергия ресурси етказиб берувчилар кредитор қарздорлигининг ортишига сабаб бўлмоқда.

Бунда кимё саноатида энергия самарадорлигини ошириш мавжуд аммиак ва азот ишлаб чиқариш қувватларини илғор технологияларни жорий қилиш орқали тўлиқ модернизациялашни ҳамда энергия кўп истеъмол қиладиган қувватларни эксплуатациядан чиқаришни тақозо этмоқда. Бу аммиак тайёрлашда энергия сарфини 1,5 — 2 бараварга камайтиришга замин яратади. Навоий вилоятида “Навоийазот”нинг эскирган қувватлари ўрнида аммиак, карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқарадиган замонавий қувватларни қуриш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса-да, “Фарғонаазот”да бу борада аниқ бир стратегия йўқ. Таассуфли томони шундаки, ушбу корхона маҳсулотлари ташқи бозор у ёқда турсин, ички бозордаги рақобатга ҳам бардош бера олмаяпти.

Қурилиш материаллари саноати ҳам иссиқлик-энергетика ресурсларининг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. Мазкур соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда сотишда ёнилғи ва энергия сарфи улуши 50 фоизга етади. Бу, албатта, ўтган асрда қурилган заводларда ҳали ҳам эскирган технологиялардан фойдаланилаётгани натижасидир. Бугун цемент ишлаб чиқарадиган учта заводда юқори энергия сарфига эга бўлган “ҳўл” деб аталадиган усул кенг қўлланилади. Мисол учун, “Оҳангаронцемент”да бир тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга 286,7 килограмм, “Қувасойцемент”да 246,6 килограмм, “Бекободцемент”да эса 230 килограмм шартли ёнилғи кетади. Мамлакатимиздаги цемент заводларидан фақатгина “Қизилқум¬цемент”да кам, яъни 130 килограмм шартли ёнилғи сарфланади. Бу “қуруқ” усули амалиётга татбиқ этилгани самарасидир. Аммо ушбу кўрсаткич ҳам Япония, Корея Республикасидаги тегишли корхоналар билан қиёсланганда, 30 фоиз кўп. “Қуруқ” усулида ишлайдиган мазкур корхоналарда шартли ёнилғининг барча сарфи бир тонна клинкерга 120 килограммдан ошмайди. Хитой ва Туркиядаги цемент заводлари ҳам худди шундай кўрсаткичларга эга. Ва айнан улар ички бозордаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан асосий рақобатга киришади. Натижада ўзимизнинг цемент маҳсулотимиз нарх омили сабаб рақобатда ўз мавқеини бой бериб қўймоқда.

Самарадорлиги юқори бўлган технологияларни жорий этиш орқали энергия истеъмолини, ҳатто, 30 фоизга камайтириш истиқболда цемент заводларида 230 минг тонна шартли ¬ёнилғи ёки 200 миллион куб метр табиий газ тежаб қолиш имконини -беради. Пировардида цемент таннархи 15 — 20 фоиз арзонлашади.

Шунингдек, ғишт ишлаб чиқаришда ҳам энергия ресурслари катта миқдорда сарфланади. Халқаро амалиёт шуни кўрсатаяптики, ишлаб чиқаришда энергия сарфини кескин камайтирадиган технологиялар мавжуд. Жумладан, газ ўтказмайдиган туннель печларини қўллаш, бўшлиқни кенгайтириш орқали ёнилғи сарфини ўртача 30 — 40 фоиз иқтисод қилиш мумкин. Аммо ушбу технологиялар мамлакатимиздаги корхоналарда оммалашмаяпти.

Шу маънода, юртимизда қурилиш саноати корхоналарини тубдан модернизациялаш, амалиётга юқори технологик линияларни жорий қилиш зарур. Бунда, айниқса, энергия тежамкор технологияларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Масалан, ғовакли кавакда ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ёнилғи сарфини 15 фоиз қисқартиради. Қурилишда ишлатиладиган ҳамда иссиқ сақлайдиган материалларнинг замонавий турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам жуда муҳим. Негаки, девор конструкциясидаги 1 куб метр шундай материал 3 мингта ғиштнинг иссиқликни изоляцияловчи хусусиятини ўзида мужассам этади. Ваҳолонки, маҳсулот ишлаб чиқаришга атиги 50 килограмм шартли ёнилғи кетса, 3 минг дона ғишт тайёрлашга 1000 килограмм шартли ёнилғи сарфланади. 

Энергияни тежаш бўйича шу ва бошқа чора-тадбирлар қурилиш материаллари саноатида энергия сарфини кескин камайтиришга, натижада маҳсулотнинг таннархини пасайтиришга олиб келади. Бу, айниқса, ички ва ташқи бозордаги рақобатда жуда муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, энергия самарадорлигини ошириш энергетик ресурсларни, биринчи галда, Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган табиий газни иқтисод қилишга, айни пайтда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг йўл очади. Масалан, 3,5 миллиард куб метр табиий газни синтетик суюлтирилган ёнилғига айлантириш хом ашёга нисбатан қўшимча қийматни 7 — 9 баравар ошириш имконини беради. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатаяптики, Ўзбекистонда газни GTL технологияси бўйича қайта ишлаш орқали маҳсулот тайёрлаш таннархи дунё кўрсаткичларидан бирмунча паст. Хусусан, метанол ишлаб чиқариш 2 баравар, синтетик ёнилғи 1,6 баравар арзон бўлади. Бу газнинг экспорт нархлари бўйича қийматини ҳисобга олган шароитда ҳам юқори рақобат кўрсаткичларига эришишда муҳим омилдир. 

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Дейлик, минг куб метр табиий газ қийматини бирлик сифатида оладиган бўлсак, ундан пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарилса, бозор қиймати 15 баравар ўсади, тайёр маҳсулотлар 25 марта кўпаяди. Кўриниб турибдики, табиий газ экспортининг ортиб бораётган қисмини қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотларни экспорт қилиш жадаллаштирилиши мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, энергия ресурсларини тежашдан қолган қўшимча маблағни иқтисодиётимизнинг етакчи корхоналарини модернизациялашга, уларни замонавий энергия тежамкор, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга асбоб-ускуналар харидига йўналтириш мумкин. Бу, энергия самарадорлигини жорий қилиш орқали тайёрланаётган маҳсулотнинг таннархини пасайтириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш, пировардида таркибий ўзгаришларни жадаллаштиришга хизмат қилади. 

Буларнинг барчаси энергия самарадорлигини ошириш бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш заруратини туғдирмоқда. Унда иқтисодиётнинг барча соҳа ҳамда тармоғида энергияни тежаш, халқ хўжалиги ва аҳоли истеъмолида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни ишга тушириш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш масалаларини комплекс ҳал қилиш йўллари ¬назарда тутиларди. Энергия самарадорлигини юксалтиришдек фойдаланилмай ётган улкан захирани ишга солиш, шубҳасиз, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан белгилаб берилган миллий иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини ошириш ҳамда ялпи ички маҳсулотимизнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш бўйича ¬устувор вазифаларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутади.

Иқтисодий тадқиқотлар маркази материаллари 
асосида тайёрланди.