Туркия президанти Ражаб Тойиб Эрдўған конституцияга давлат раҳбарининг ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Habertürk хабар берди.

30 январь куни Туркия парламенти комиссияси мамлакат конституциясига киритиладиган тузатишлар лойиҳасини тасдиқлаганди, бу тузатишлар Туркия президенти ваколатларини кенгайтиради.

Уни ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт партияси»нинг 316 депутати имзолади.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш 20 декабрда бошланиб, тўққиз кун давом этди. Сўнгги кунда комиссия муҳокамага 17 соат сарфлади.

Қайд этилишича, конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум шу йилнинг 16 апрелида бўлиб ўтади.

Агарда ўзгартишлар қабул қилинса, Ражаб Тоййиб Эрдўғон амалда ижро ҳокимиятининг ягона раҳбарига айланади.

Ўтган ойда, 11 январь куни Туркия парламенти депутатлари мамлакат конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгаришлар муҳокамаси чоғида муштлашгани ҳақида хабарлар берилганди.

21 январь куни эса Туркия парламентида конституциявий ислоҳотлар муҳокамаси аёл депутатлар ўртасидаги муштлашувга сабаб бўлди.

Ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт партияси» томонидан таклиф этилган тузатишларга норозилик сифатида мустақил депутат Айлин Нозлиоқа ўзини парламент минбарига кишанлади. У ҳамкасбларини конституциявий ислоҳот лойиҳасини рад этишга чақирди, бироқ сиёсий мухолифлари Айлинни куч билан чиқариб юборди.