Европада шахсий автомобилга эга бўлиш ойига қанчага тушишига доир тадқиқот ўтказилди. LeasePlan компанияси ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, автомобилга эга бўлиш борасида энг қиммат мамлакат сифатида Норвегия топилган. Бу ерда бензинли двигателда ҳаракатланувчи автомобиль ўз эгасига ойига 708 еврога айланади, дизелли машина учун 681 евро тўлаш керак бўлади.

Европа мамлакатлари орасида автомобиль эгаси бўлиш арзонга тушадиган мамлакат сифатида Венгрия эътироф этилган. Бу ерда бензинли машина учун ойига ўртача 364 евро тўланса, дизеллиси бирмунча қимматроқ баҳоланади ва 369 евро тўлашга тўғри келади. Мутахассислар Россиянинг бу борадаги кўрсаткичини ҳисоблаб чиқар экан, бензинли автомобиллар бўйича маълумотларни йиққан, холос. Чунки, ушбу мамлакатда Ўзбекистонда бўлгани каби дизелли автомобиллар унчалик ҳам оммалашмаган.

Шу билан бирга, қайд этилишича, экспертлар ўз рейтингига фақат ихчам ва ўрта ўлчамли автомобилларни киритган. Хусусан, Renault Clio, Ford Fiesta, Volkswagen Golf ва Ford Focus кабилар шулар жумласидан. Бундан ташқари, унда биринчи уч йилдаги харажатлар эътиборга олинган. Бунда автомобиль йилига ўртача 20 минг км. масофа босиши шарт қилинган.

Renault Clio, Ford Fiesta, Volkswagen Golf ва Ford Focus

LeasePlan хулосасига кўра, автомобиль эгалари энг кўп сарф-харажатларини транспорт воситаларининг амортизацияси йўналишига сарфлайди. Яъни, сарфланадиган пулларнинг 37 фоизи таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга ишлатилади. Иккинчи ўринда солиқлар туради. Унга 20 фоиз маблағ ажратилади. Биринчи учликни 16 фоизлик кўрсаткич билан ёнилғи сарфи якунлайди.

Бунда энг қиммат таъмирлаш Швецияда бўлиб, улар ҳар ой шу мақсадда 85 евро сарфлайди. Туркияда энг кам (28 евро) тўлашади. Европада автомобиль суғуртаси ойига ўртача 117 еврони ташкил этади.