Хитой экспорти январь ойида 2016 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 7,9 фоизга, импорти эса – 16,7 фоизга ўсди. Бу таҳлилчиларнинг тахминидан ҳам яхшироқ натижа, дейилган Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларида.

Хитой экспорти январь якунига кўра 182,76 миллиард, импорти эса – 131,41 миллиард долларни ташкил этди. 

Мамлакат экспорти 2016 йил якунларига кўра 7,7 фоизга қисқариб, 2,097 триллион долларга тенг бўлди. Шу билан бир қаторда, 2016 йилда импорт ҳажми 5,5 фоизга қисқариб, 1,587 триллион долларни ташкил этди.

Хитой ташқи савдосининг умумий ҳажми январда 11,4 фоизга ўсиб, 314,16 миллиард долларга тенг бўлди. Хитой савдо нисбатида ижобий сальдо 51,35 миллиард долларни ташкил қилди. 2016 йил якунларига кўра савдо нисбатининг ижобий сальдоси эса 509,9 миллиар долларга тенг бўлган.

Хитойда январь ойида хом нефть импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,5 фоизга ортди.

Божхона бошқармасига кўра, Хитой 2017 йилнинг январида 34,03 миллион тонна хом нефть импорт қилган. 2016 йилнинг декабрида бу кўрсаткич 36,38 миллион тоннани ташкил этди.

Хитойга хом нефть импорти 2016 йил якунлари бўйича 13,6 фоизга ўсиб, 381 миллион тоннага тенг бўлди.