Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободи АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқотда муҳожирлик сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурати ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда ABC телеканали Ироқ бош вазири офиси баёнотига асосан.

"Бош вазир ироқликларни АҚШ ҳудудига кириш ҳуқуқи масаласини қайта кўриб чиқиш ва Ироқни муҳожирлик фармонида тилга олинган давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Трамп бу муаммо ечимини топишда ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар кераклигини таъкидлаб, бу масала юзасидан давлат департаменти ишига бошчилик қилишини маълум қилди", - дейилади баёнотда. Бундан ташқари, Трамп ва ал-Ободи АҚШ ва Ироқ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашни ҳам муҳокама қилишган.

Ҳужжатга кўра, Трамп ал-Ободини АҚШга таклиф қилган. Бироқ, телеканалнинг таъкидлашича, баёнотда Ироқ бош вазири Америка президентининг бу таклифига қандай жавоб қайтарганига ойдинлик киритилмаган.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп “Мамлакатни хорижий террорчилардан ҳимояси тўғрисида”ги фармонга имзо чекканди. У мамлакатга етти давлат (Ироқ, Эрон, Яман, Ливия, Судан, Сурия ва Сомали) фуқароларини 90 кун давомида киритмаслик, шунингдек барча қочқинларни қабул қилишни 120 кунга тўхтатиб туриш ва Суриядан бўлган қочқинларни қабул қилишни номаълум муддатгача тақиқлашни назарда тутган. 

3 февраль куни эса Сиэтл федерал судьяси Жеймс Робарт Вашингтон ва Миннесота штатлари ҳукуматларининг фармонга нисбатан мурожаатини кўриб чиқиб, унинг ижросига вақтинча тақиқ жорий қилди.