Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайловолди учрашувларида қўшни мамлакатлар билан барча соҳаларда дўстона алоқаларни кучайтириш орқали халқлар ўртасидаги меҳр-оқибат, қон-қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш тўғрисида алоҳида фикрлар билдирилган эди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ҳам бу борада бир қатор ишлар режалаштирилган ва амалга оширилмоқда.

Бугун Қирғизистон Республикаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг ижоди жамоаси Андижон вилоятининг “Дўстлик” чегара постида Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Ф.Джураев бошчилигидаги ўзбекистонлик санъат ва маданият номаяндалари томонидан кутиб олинди.

Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда вилоятдаги театрларнинг санъаткорлари томонидан Андижон шаҳри марказида ўрнатилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, буюк адабиёт намоёндаси, бобокалонимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг чегара олди ҳудудлари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш, аҳоли, айниқса, ёшларни Қирғизистон театр санъатининг намуналаридан баҳраманд этиш ҳамда ижодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган ижодий ташриф 17 февралгача давом этади.

Ижодий сафар давомида Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театрининг “Айкол Манас” спектакли жорий йилнинг 10-12 февраль кунлари Андижон вилояти мусиқали драма театрида, 13-14 февраль кунлари Наманган вилояти мусиқали драма театрида ҳамда Фарғона вилояти театр-концерт саройида 15-17 февраль кунлари ўтказилади.

Гастроль сафари давомида театрларда қирғиз ҳамда ўзбек санъати номаяндалари ўртасида ижодий учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилади.