Россиялик машҳур сайёҳ Фёдор Конюхов ҳаво шарида узоқ учиш бўйича жаҳон рекордини янгилади. У ҳавода 51 соат 9 дақиқа давомида бўлиб, минг километрга яқин йўлни учиб ўтди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда

Таъкидланишича, Конюховга дунёдаги энг катта ҳаво шаридаги экспедицияда ҳаво шарида сузиш бўйича спорт устаси Иван Меняйло ҳамроҳлик қилган. Сайёҳлар 7 февраль эрталаб Рибинскдаги Жанубий аэродромидан ҳавога кўтарилишган. Ҳаво шари 2 кундан кейин Саратов вилоятида, Қозоғистон чегарасидан 150 км узоқликда ерга қўнган. Ҳаво шари 190 дан 300 метргача баландликда соатига 10 км дан 40 км гача тезлик билан ҳаракатланган. Конюхов ва Меняйло саёҳати учун махсус тикилган ҳаво шарининг қобиғи ҳажми 10 минг куб метрни ташкил қилган. 

Бу борадаги аввалги жаҳон рекорди япониялик сайёҳлар Мичио Канде ва Хиразуки Такезавега тегишли бўлган. Улар бу рекорд натижани 1997 йил 1 февралда ўрнатишган. Бу рекорд натижа 50 соат 38 дақиқани ташкил қилган. 

Саёҳат давомида Конюхов билан ножўя воқеа юз берган: сайёҳ парвозининг бошидаёқ ортиқча юкдан халос бўлиш мақсадида ўзи билмаган ҳолда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Рибинскдаги ўқув маркази устига бўш газ баллонини улоқтириб юборган. Вазиятни босди-босди қилиш учун Рибинск мэри Денис Добряков аралашишига тўғри келган.