АҚШ президенти Дональд Трамп Россия билан тузилган Стратегик ҳужум қуроллари (СҲҚ)ни қисқартириш шартномасини танқид қилган. Американинг ўз номини ошкор қилмаган икки мулозимининг сўзларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп РФ президенти Владимир Путин билан телефон орқали ўтказган илк суҳбатида бу битимни АҚШ учун муваффақиятсиз келишув деб атаган. Бу ҳақда “Рейтер” агентлиги хабар қилмоқда. 

Телефон суҳбати тафсилотларидан хабардор икки мулозим ва бир собиқ мулозимнинг таъкидлашича, Россия етакчиси СҲҚ мавзуси ҳақида сўз очган, шундан сўнг, Трамп бироз тин олган ва маслаҳатчиларидан бу қанақа битим эканини сўраган. 

Манбаларнинг сўзларига кўра, Трамп Путинга бу шартнома АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама маъмуриятининг муваффақиятсиз битимларидан бири эканини айтган. Чунки, Трампнинг фикрича, шартнома Россия фойдасига имзоланган. 

Оқ уй маъмурияти ҳозирча, ушбу хабарга изоҳ берганича йўқ. 

Умуман, 28 январь кунги икки давлат раҳбарларининг суҳбатида СҲҚ мавзуси муҳокама қилинганини Кремль ҳамда Оқ уй маъмуриятлари расман эълон қилмаган эди. 

2010 йили Россия ва АҚШ Стратегик ҳужум қуроллари (СҲҚ)ни қисқартириш бўйича шартномани имзолаган эди. 2011 йилда кучга кирган битим жанговар сафда турган стратегик ташувчи қуролларни икки томонда 700 бирликкача камайтириш ва уларда 1550 ядро каллагини сақлашни кўзда тутади. 

Кейинроқ, АҚШ президенти Барак Обама икки мамлакат қуролларини янада қисқартириш таклифини илгари сурди, бироқ Москва АҚШнинг РҚМ тизимини ривожлантираётгани ҳамда бошқа ҳал қилинмаган масалаларни рўкач қилган ҳолда буни рад этди.