Панаманинг Mossack Fonseca ҳуқуқшунослик конторасининг офшорлар ва мижозлар битимлари ҳақидаги ҳужжатлари тарқалиб кетиши ортидан ўтган йил баҳорида можаролар марказида қолган фирма хўжайинлари Панама шаҳрида қўлга олинди. Die Süddeutsche Zeitung хабарига кўра, компания офисида тинтув бошланган.

Нашрнинг Панама бош прокурори Кениа Порселлага асосланиб хабар беришича, фирма асосчилари Юрген Моссак ва Рамон Фонсека Лотин Америкасидаги йирик коррупцион можарода айбланмоқда. Терговчиларнинг талқинига кўра, Моссак ва Фонсека шубҳали манбалардан олинган пулларни яширган.

Шунингдек, Mossack Fonseca фирмаси Lava Jato номини олган, Odebrecht қурилиш гуруҳи ҳам аралашган йирик коррупцион можарода иштирок этган. Можаро йирик миқдордаги пул ювиш, фирибгарлик ва коррупция унсурларини ўз ичига олган.

Рамон Фонсека Панама президентини Odebrecht гуруҳидан пора олишда айблаган. Президент Хуан Карлос Варела расмий чиқиш қилиб, бу айбловни инкор этган.

Ўтган йилнинг 3 апрель куни офшорлар тўғрисидаги катта кўламдаги суриштирув натижалари чоп этилгандан кейин Mossack Fonseca фирмаси можаролар марказида қолганди. Шундан сўнг фирма асосчиларидан бири немис ҳуқуқшуноси Юрген Моссак Панама ҳукумати қошидаги ташқи ишлар бўйича маслаҳат кенгашини тарк этганди.

Mossack Fonseca компанияси маълумотлар базасидан ахборот чиқиб кетиши натижасида ОАВларда қатор дунё етакчилари ва уларнинг яқинлари пул ювиш ва солиқлардан бош тортиш бўйича схемаларга алоқадорлиги ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Компания фаолияти Журналистлик текширувлари халқаро консорциуми (ICIJ) томонидан ўрганилди, бунга консорциум қўлга киритган компаниянинг 11,5 миллионга яқин ҳужжати асос бўлганди. Уларда 12 нафар собиқ ва амалдаги давлат етакчилари, Forbes рўйхатидаги 29 нафар миллиардер, шунингдек, кино ва спорт юлдузлари номлари келтирилганди.