АҚШнинг янги мудофаа вазири Жеймс Мэттис Ҳиндистон ва Покистоннинг ҳарбий раҳбарияти билан ўзининг илк музокараларини ўтказди. У Пентагон иккала мамлакат билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эканига суҳбатдошларини ишонтирган. 

Покистон армияси матбуот хизматининг хабар қилишича, Мэттис Покистон армияси бош штаби раҳбари, генерал Қамар Жавид Баджва билан 20 дақиқалик телефон мулоқоти ўтказган.

"Мэттис Покистон халқи ва қуролли кучлари бераётган қурбонлар ва кўрсатаётган бардошни эътироф этиб, Покистон армиясининг терроризм балосига қарши курашдаги ролини юқори баҳолаган. Томонлар минтақадаги тинчлик ва барқарорлик бўйича умумий мақсадларга содиқликларини тасдиқлашган ҳамда бунинг учун зарурий чораларни муҳокама қилишган", — дейилади хабарда. 

Шу куни, Ҳиндистон мудофаа вазирлиги хабарига кўра, мудофаа маъмурияти раҳбари Манохар Паррикар америкалик ҳамкасби Жеймс Мэттис билан музокара ўтказган. 

"Мудофаа вазири ва Пентагон раҳбари Мэттис Ҳиндистон ва АҚШнинг мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигидан қониқиш изҳор қилишган. Айниқса, сўнгги йилларда, минтақавий ва глобал миқёсдаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Улар томонларнинг ушбу муносабатларга муҳим аҳамият бераётганларини қайд этиб, келгусида бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга келишиб олишди", — дейилади Ҳиндистон мудофаа вазирлиги хабарида.