Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Шеробод туманидаги “Ғуржак-1” массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар, бу ерда аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Давлат раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Сурхон воҳасида 1009 арзон ва замонавий уй-жой барпо этилмоқда.

Шеробод туманидаги “Ғуржак-1” массивида қисқа муддатда 32 хонадондан иборат 2 қаватли иккита, хўжалик иморатлари ва алоҳида ҳовлиси бўлган бир қаватли ўнта шинам уй бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. 

Замонавий ва миллий меъморлик андозалари асосида қурилган янги массивда ижтимоий инфратузилма объектлари, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилган. Табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланган. 

Давлат раҳбари ёш оила Ўктам Абдуллаев ва Малоҳат Жумаева хонадонида бўлиб, уларни янги уйга кўчиб ўтгани билан табриклади. 3 хонали уйнинг ҳовлисида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун томорқа бор. 

Президент янги уйда ёш оила бахтиёр ва фаровон яшаши учун яратилган қулайликлар билан қизиқди. Хонадон соҳибининг бувиси Каромат момо Абдуллаева кўркам, обод ва шинам уйларни олишда кенг имкониятлар яратилаётгани, бу ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини айтиб, президентни дуо қилди. 

Шавкат Мирзиёев 16 хонадондан иборат икки қаватли уйда яшаётган уй соҳиблари билан ҳам суҳбатлашди. Халқимизнинг тобора ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини қондириш, улар учун муносиб ҳаёт шароитлари яратиб бериш бугунги кундаги асосий вазифалардан эканини алоҳида қайд этди. Мутасадди раҳбарларга вилоятнинг қишлоқ массивларида аҳолига шаҳарлардагидан қолишмайдиган турмуш шароитлари яратиш, якка тартибда уй-жой қуриш кўламини янада кенгайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.