Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафари давомида Ангор туманидаги Занг Гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хушбоқов хонадонида бўлди.  ЎзА берган хабарга кўра, президент Шоди бобо ва унинг умр йўлдоши Саломат момо билан оиланинг кундалик ҳаёти, фарзандлар ва набираларнинг тарбияси тўғрисида суҳбатлашди. 

«Сиз каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир», деган президент. 

Ердан унумли фойдаланилса, Сурхондарё шароитида йилда уч мартагача ҳосил олиш мумкинлиги, ҳаракат қилган одам ўзини ҳам, халқини ҳам бой қилиши таъкидланди. Мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар, истиқболдаги режа ва эзгу мақсадлар ҳақида сўз юритилди. 

Хонадон эгалари давлат раҳбари халқ ичига кириб, одамларнинг фикрини ўрганаётганидан юртдошлар жуда мамнун бўлаётганини таъкидлашди. Одамлар оғирини енгил қилиш, турмушини янада фаровон этиш борасидаги улкан, тизимли ишлари учун президентга самимий миннатдорчилик билдирилди.