Россия ва Туркия ҳукуматлари РФ ҳарбий-космик кучларининг Суриядаги турк ҳарбийларига ҳаво зарбаси беришига доир фожиани ўрганиш бўйича қўшма комиссия тузмайди. Чунки қасдсиз берилган зарба билан боғлиқ "вазият тушунарли", - деган Туркиянинг Анқарадаги юқори лавозимли ҳарбий мулозими РИА “Новости” агентлигига. 

"Ҳодисадан сўнг, Россия томони билан маслаҳатлашувлар ўтказилди. Ўртамизда мувофиқлаштириш бор. Ҳозирда гап буни янада самарали қилиш ҳақида бормоқда. Бу борадаги музокаралар ҳозирдан олиб борилмоқда. Аммо, менинг билишимча, фожиа билан боғлиқ ҳеч қандай комиссия тузилмайди, чунки вазият шундоқ ҳам аниқ ва тушунарли, — деган агентлик суҳбатдоши. 

Шу билан бирга, унинг айтишича, расмий Анқара Россия томонининг турк ҳарбийлари ўлимига нисбатан ёндашувидан қониқиш ҳосил қилган ва юқори баҳолаган. 

"Фожианинг илк дақиқаларидан Туркия Қуролли кучлари раҳбарияти ўзини жуда босиқлик билан тутди, шошмасдан, соғлом фикрлади ва нима бўлганини ўрганди. Россиялик ҳамкасблар билан музокаралар ўтказилди. Бироқ, воқеадан сўнг, Россия расмийларининг қараши ва амалий ёндашувини биз ижобий баҳоладик", — деган агентлик манбаси. 

Унинг сўзларига кўра, Россия томони комиссия тузишни таклиф қилган, аммо "иш асосан, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олишга ва икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилади".

"Россия-Туркия муносабатларининг ижобий ривожланиши икки мамлакат учун ва минтақадаги тинчлик нуқтаи-назаридан ҳам жуда зарур. Албатта, бу фожиа икки мамлакатни қийин аҳволга солиб қўйди, бироқ биз бу каби ҳодисалар бошқа такрорланмаслигига ва минтақамиз ИШИД террорчилик гуруҳидан яқин орада тўлиқ тозаланишига умид қиламиз", — дея қўшимча қилган агентлик суҳбатдоши.

Бундан аввал, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилганидек, Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ҳамдардлик билдириб, Россия ҳарбий-космик кучларининг қасдсиз ҳаво зарбаси оқибатида турк аскарларининг ҳалок бўлгани учун узр сўраган эди.