8 февраль куни “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонида ўтказилган мониторингда “Дайди” номли бадиий фильмни жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди ва фильмнинг намойиши тўхтатиб қўйилди.

Ўзбекистонлик машҳур режиссёр Рустам Саъдиев “Дайди” фильми намойишини тўхтатилиши билан боғлиқ воқеага ўз муносабатини билдирди. 

- “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ушбу масалага кескин муносабат билдириб, тўғри иш қилган.  Биринчидан, аввало, гап фильмнинг савияси ҳақида борётгани йўқ. Буни тўғри тушуниш лозим. Гап ёлғон маълумот асосида томошабинни фильмга жалб этилиши ҳақида бормоқда. Шуни айтиш керакки, бу ҳолат ўзбек киноси шаъни учун хунук ҳолатни юзага чиқарадиган ҳолатдир. Ўзбек киночилигига ҳеч қандай ёлғонни аралаштирмаслик керак, деб ўйлайман, - деди Рустам Саъдиев.

Режиссёр хориж фильмларидан кўчириш ҳолатлари ҳақида тўхталиб ўтар экан, жумладан,  шундай деди: “Ҳинд фильмларидаги сюжетни олиб, сал ўзгартириб тақдим этилган ҳолатларни кўп кўрганмиз, аммо картинада роль ижро этмаган актёрни йирик планда монтаж қилиб, унинг овозини ўзгартириб ёлғон маълумот тақдим этиш, менимча, шармандаликдир. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги киноижодкорларни бир жойга жамлаб, йиғилиш ўтказиб, уларни интеллектуал мулк ҳақидаги қонунчиликдан бохабар қилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу орқали ҳар бир ижодкор қонун доирасида қандай ҳаракат қилиши, нималарни бошқа фильмлардан олиб, нималар ўғирланишга кириши ҳақида тасаввурга эга бўлишарди.

Эслатиб ўтамиз, “Дайди” фильмининг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда машҳур киноактёр Морган Фриманнинг Буюк Британия ва Жанубий кореялик киноижодкорлар томонидан 2014 йилда ишлаб чиқарилган “Сўнгги рицарлар” фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган.

Маълумот ўрнида, Kun.uz сайти куни кеча режиссёр Рустам Саъдиев билан турли мавзуларда суҳбат уюштирди. Қуйида ана шу суҳбатнинг тўлиқ ҳажми билан яқиндан танишишингиз мумкин.   

Tas-ix`да кўриш