АҚШ хавфсизлиги масаласи кун тартибига чиқди, деб ёзди Америка президенти Дональд Трамп Twitter микроблогида. У Сан-Франциско 9-округи апелляция суди қуйи инстанция суди томонидан иммиграция фармони ижросига қўйилган вақтинчалик тақиқни тасдиқлагач, шундай фикрни билдирган. 

"Судда кўришамиз, мамлакат хавфсизлиги ҳақида гап кетмоқда", - деган Трамп.

Шундан сўнг, давлат раҳбари Оқ уйда журналистлар билан учрашган. "Бу жуда жиддий вазият, шундай экан, биз улар билан судда кўришишга умид қиламиз. Биз бу ишда ғалаба қозонмоқчимиз", - деган Трамп. Унинг фикрича, Сан-Франциско суди "сиёсий қарор" чиқарган.

Президент ўзининг қисқа чиқиши давомида Оқ уй маъмуриятининг келгуси ҳаракатларига ойдинлик киритмаган. Трамп, бу масалани мамлакатнинг янги адлия вазири ва бош прокурори Жефф Сешнс билан муҳокама қилишга улгурмаганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Трампнинг айтишича, суд қарори унинг президентлигини заифлаштирмайди. Айни вақтда, адлия вазирлиги суд қарорини ўрганиб, эҳтимолий вариантларни кўриб чиқаётганини билдирган. Маҳаллий экспертларнинг фикрига кўра, суд қарори Олий судда кўриб чиқилиши ва унда бекор қилиниши мумкин. 

Дональд Трамп суд тортишувларига сабаб бўлаётган иммиграция фармонини 2017 йил 27 январида имзолади. Унга мувофиқ, АҚШда қочқинларни жойлаштириш дастури 120 кунга тўхтатилди, Эрон, Ироқ, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ливия фуқароларини 90 кун муддатга мамлакатга киритмаслик бўйича кўрсатмалар берилди. 

3 февраль куни Сиэтл федерал судьяси Жеймс Робарт Вашингтон ва Миннесота штатлари ҳукуматларининг иммиграция фармонига нисбатан мурожаатини кўриб чиқиб, унинг ижросига вақтинча тақиқ жорий қилди.