Туркия ва Украина виза тартибини соддалаштириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Туркия ТИВ раҳбари Мавлут Чавушўғли украиналик ҳамкасби Павел Климкин билан ҳамкорликда ўтказган матбуот анжуманида сўз юритган. 

«Биз ўзаро борди-келди ва сайёҳлар сонини оширишга ҳамда халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпмиз. Туркия ва Украина ўртасида визасиз тартибни жорий қилишга тайёргарлик жараёни якунланди. Унга биноан, икки мамлакат фуқаролари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан давлат чегараларини кесиб ўтишлари мумкин. Ўйлайманки, чегарани кесиб ўтишнинг соддалаштирилган тизими ёзгача тўлиқ ишга тушади», - деб қайд этган Чавушўғли.