Украинанинг "Халқ фронти" партияси етакчиси ва мамлакатнинг собиқ бош вазири Арсений Яценюк Киев Вашингтонга АҚШ-Мексика чегарасида девор қуришда ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

Гап "Девор" ёки "Европача девор" лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Бу лойиҳа Украина ҳукумати томонидан 2014 йилда Украина ва Россия чегарасида хавфсизлик даражасини ошириш учун ишлаб чиқилган. 

"Агар керак бўлса, биз бу лойиҳани АҚШга бера оламиз – бу анча арзон ва самарали бўлади. Мен, дарвоқе, ҳисоблаб чиқдим: уларнинг ҳисоб-китобига кўра, 1 км шундай чегара 10 млн долларга айланади. Бу Украинанинг лойиҳасига қараганда 30-40 марта қимматроқ", деб айтган Яценюк V Ёшлар хавфсизлиги бўйича Киев форумида. Бу ҳақда "Укринформ" ахборот агентлиги хабар бермоқда

Бир йил аввал Яценюк "Девор" лойиҳасининг бешдан бир қисми бажарилганини маълум қилган.