Жорий йилнинг 20 январь – 3 февраль кунлари 2016 йилда ўтказилган “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида энг юқори натижа кўрсатган 42 нафар мактаб ўқитувчиси  Буюк Британиянинг Глазго Каледониан (Glasgow Caledonian University, Scotland) университетида хизмат сафарида бўлишди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хизмат сафари давомида ўзбекистонлик инглиз  тили ўқитувчилари Глазго шаҳрида жойлашган Глазго академияси ва мактабларга ташриф буюришиб, у ерда “Ўзбекистоннинг маданияти  ва урф-одатлари”, “Таълим тизими” каби мавзуларда тақдимотлар қилдилар.

Ўқувлар якунида ўзбeкистoнлик ўқитувчилaрга хорижий университет ўқитувчилари олдида инглиз тилидаги тақдимотларини муваффақиятли ҳимоя қилишгани учун “ARCHIVEMENT СERTIFICAT” сертификатлар топширилди. Мазкур сертификатлар ўтган йилги ва бошқа сертификатлардан фарқли равишда халқаро тренерлик қилиш ваколатини беради.

Шунингдек, ўқитувчиларимиз томонидан Ўзбекистонда 25 йилда эришилган ютуқлар, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва айниқса чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш йўналишида олиб борилаётган ўзгаришлар хусусида кенг маълумотлар берилди ва университет халқаро бўлимида алоҳида бурчак ташкил этилиб, у ерга Ўзбекистон байроғи ва эсдалик совғалари жойлаштирилди.

Ушбу ўқитувчилар жорий йилнинг март-декабрь ойлари инглиз тили ўқитувчилари учун таянч мактаблар базасида ўтказиладиган ўқувларда ҳамда 5-синфлар учун қайта ишланаётган инглиз тили дарсликлардан фойдаланишни ўргатишга доир махсус курсларда тренерлик курсларига жалб этилиши режалаштирилмоқда.