Машҳур физик олим Исаак Ньютоннинг Иккинчи қонунида шундай дейилади: “Бинобарин куч деб аталадиган физик катталик жисмларнинг бир-бирига қиладиган шундай таъсирини характерлайдики, бу таъсир натижасида жисмлар тезланиш олади. Маълум бир жисмни олиб унга қандайдир бошқа жисм билан шундай таъсир қиламизки, натижада ҳар хил тезланиш олсин”.

Ҳаёт мантиқи ҳам ана шунда англанади. Албатта, инсон жисм эмас, аммо бу қонундаги мантиқ майдони ўз ичига инсонни ҳам қамраб олади. Чунки, инсонни ҳаракатга келтирадиган, унинг ҳаётий суръатини оширадиган куч бўлмаса, у бир жойда қотиб қолади. На тараққиётга ва на юксак мақсадлар сари юз тутади. Аммо инсонлар орасида ғайратлилари ҳам учрайдики, улар тараққиёт механизмини ҳаракатлантирувчи муҳим куч ҳисобланишади.  Бунга фақат яхшилаб разм солиш, эътибор қаратиш, бу билан тезлик суръатини янада кучайтириш лозим бўлади. Акс ҳолда... 

Мақоламиз қаҳрамони бўлмиш Дусов Қобилнинг ёши 33 да. Маълумоти олий. Ўзбекистонлик машҳур академик ва фан докторлари Сайфиддин Рафиддинов, Иброҳим Ҳаққул ва Абдурашид Солиевичнинг шогирди. Германияда GIZ WAK академиясини қурилиш ва қурилиш моллар ишлаб чиқариш йўналиши бўйича 2015 йилда тугатган. Халқ депутати Бўстонлиқ туман депутатлар Кенгаши депутати.

У 2009 йилда «MBS»  қурилиш корхонасига асос солган. Ҳозирда корхонада 50дан ошиқ иш ўрин яратиб берилган. Қарамоғида ота-онаси ва 4 нафар фарзанди бор. 15та давлатнинг  40дан ошиқ компанияси билан ишончли ҳамкорликни йўлга қўйган. Қарийб 10 йил давомида бизда умуман ишлаб чиқарилмаётган қурилиш маҳсулотларини давлатимизга олиб кириб, мазкур қурилиш молларини ўзимизда маҳаллийлаштириш учун ҳаракат қилади. У ташкил этган корхона бир неча йиллардан бери қурилиш ишлари ва қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланади. 

Тадбиркорнинг мақсади юртимиз қурилиш соҳасида дунёнинг энг илғор техника-технологияларини татбиқ этишини хоҳлаган ҳолда қурилиш сифатини дунё стандарти талабларига олиб чиқишга ўз ҳиссасини қўшиш. Бу борада корхона томонидан хорижий тажриба ва техник-технологиялар ўзлаштирилган. Албатта, бу давлат бюджетига эски услубга қараганда арзон ва 3 баробардан 10 бараваргача (йил ҳисобида) фойда келтиради. Йўлларимизни равон, ўз сифатини йўқотмай узоқ йиллар хизмат қилишига олиб келади. Ушбу техника ва технологиялар корхона томонидан Германия, Беларусь, Россиядан Ўзбекистонга илк бор келтирилган. Мазкур махсус техникалар автомагистралларни таъмирлашда жудаям қулай энг замонавий техникалар ва технологиялар ҳисобланади.  Лойиҳалар эса энг сифатли тарзда ўз ечимини топади. Бу техникалар ва маҳсулотлар Ўзбекистонда етарлича синовдан ўтказилган. Мазкур технология ва маҳсулотлар Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва Наманган вилояти ГАСН томонидан вазирликлар, ташкилотлар ва лойиҳа институтларига тавсия этилган. 

Хусусан, ушбу технология Дўрмонда Президент қароргоҳига кириш йўли, Тошкент халқаро аэропорти, Ўзгариш кўприги, Қарши-Шаҳрисабз йўлида қўлланилди ва мутахассисларнинг ижобий хулосаларига сазовор бўлди. 

Минг афсуски, давлатимизда олиб борилаётган қурилиш ишларида ўтган асрнинг 50-йиллардаги қурилиш нормалари ҳалиям амалдалиги қурувчиларни ечимсиз муаммоларга дучор қилмоқда. Ёш тадбиркор шундай муаммолардан бир нечтасини ўз кузатувлари мисолида келтиради. 

“Ўзавтойўл” корхонаси олий даражадаги Президент қароргоҳи йўлини таъмирида асфальт йўллари ёриқларини 30—40 йиллик эски усулда оддий битум билан бир йилда 4-5 марта таъмирлашади. Оқибатда қиш совуғи ва ёз иссиғига чидамсиз битум йўл сифатини тез орада аянчли аҳволга олиб келмоқда ва давлат бюджетидан ҳар йили ана шундай йўллар учун 4-5 марта пул ажратилади, ана шундай йўлларнинг сони бизда етарлича”, дейди у.

“Биз Дўрмондаги Президент қароргоҳи йўлини, шу йўлга масъул ходимлар илтимоси билан 2016 йилнинг баҳор ойларида таъмирладик. Ишимизни қулай, тез ва сифатилилигидан мутахассислар мамнун бўлишди”.

“Мазкур икки усулни иқтисодий тежамкорлик жиҳатидан бир йиллик таъмир учун солиштириб кўрилса, бизники ҳам арзон, ҳам сифатлилиги ва узоқ вақтга чидамлилиги билан ажралиб туради. Яъни, 1 йилга тўғри келадиган 4-5 марталик ҳаражат янги усулда 1 марталик таъмирлаш харажатлари билан кифояланмоқда ва 5 йил сифат кафолатини сақламоқда. Бу эса камида ортиқча 5 йиллик сарф-харажатларнинг тежаб қолинишига сабаб бўлади”, дейди Дусов Қобил. 

Тадбиркорнинг айтишича, у республикадаги йўлларни қуриш ва таъмирлашда содда, осон, замонавий қулай техника, технологиялар ва маҳсулотлар корхонада борлиги ҳамда малакали мутахассислар ёрдамида уларни таъмирлаб беришни мамлакатимиздаги мутасадди вазирлик ва ташкилотларга, вилоят ва туманлар ҳокимликларига, йўл фондига лойиҳа институтларига, хусусан, “Ўзавтойўл” бошлиғи А.Абдувалиевга, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” қурилиш масалалари бўйича директори В.Тянга, унинг ўринбосари А.Ходжиянга кўп йиллардан бери мурожаат қилиб келади. Ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг расмий портали орқали Шавкат Мирзиёевга ҳам мурожаат қилинган. Аммо президент орқали уларга юборилган хатлар ҳам самара бермаган. 

Жумладан, Қ.Дусов шундай дейди: “Дўрмондаги Президент қароргоҳига кириш йўлини юқори сифатда таъмирлаганимиз ва бу бажарган ишимизни мутахассислар юқори баҳоласа-да, А.Абдувалиевнинг шахсан ўзи келиб, турли баҳоналарни рўкач қилиб, эски, қиммат ва сифатсиз услубдан воз кечмаслигини айтди. Хуллас, бу соҳада ишлашга бизга имкон бермаяпти. Шу соҳага кўп меҳнати синган тажрибали Жаноб Абдувалиевнинг ҳозирда бутун дунё йўл қурилиши ва таъмирида қўлланилаётган “биз учун эса янгилик” бўлган ушбу технологияни Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан берилган тавсияларимиз бўлса-да, қабул қилишни истамаслиги бизни ажаблантириб келмоқда”.

Корхона “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиякомпаниясига қарашли Тошкент халқаро аэропортида ҳам ўз маҳсулотини 2013 йилда самолётларнинг учиш-қўниш ва тўхтаб туриш майдонларида ҳам синаб кўрган. Бажарилган иш учун аэропорт директори Б.Ҳакимов томонидан расмий ижобий хулоса олинган ва корхона 2014 йил лойиҳаларига киритилиб, аэропорт таъмирларида иштирок этишга ваъда ҳам берган. Афсуски, ҳозиргача ҳеч қандай натижа бўлмагани айтилмоқда.

Корхона 2016 йил августда Мудофаа Вазирлигига қарашли Чирчиқ шаҳридаги Олий ҳарбий танк умумқўшин билим юртида иш бошлайди. У ерда назорат ўтиш жойини капитал таъмирлаш керак эди. Лекин лойиҳа инситути томонидан корхонага берилган лойиҳа бир овоздан буюртмачиларга ҳам, корхонадаги пудратчиларга ҳам, маъқул келмайди. Сабаби лойиҳа сифат ва дизайн жиҳатидан Марказий Осиёда катта обрў қозонган олий ўқув юртига умуман нолойиқ экани айтилади. Тантанали ҳарбий маросимлар ўтказиладиган назорат ўткизиш жойининг бўёқ ишларига оддий “оҳак” билан бўяш кўрсатилган.

Иккинчи назорат ўтказиш жойида эса конструкторларнинг кўрсатмаларига қарамасдан бир қаватли бино деворларига лойиҳада 2-3 тонна металл арматураларни қоплаш кўрсатилган. Бундай маъносиз сарф-харажатларга лойиҳачиларни сабаб қилиб қандайдир эски 70-йиллар нормаларини рўкач қилиб, агар шу лойиҳа асосида ишни бажармасанглар текширганда қамаласизлар, деб қўрқитиб ҳам қўйишгани кишини ажаблантиради.

“Бу эса Ватанимга, Президентимга, Халқимга содиқман, деб қасамёд қилган, халқимизни, давлатимизни ҳимоя қилувчи, елкасига қурол тақиб, жонини гаровга қўювчи азиз фарзандларни ана шундай маъно-мазмунсиз норма ва лойиҳалар асосида инсон манфаатлари ҳисобга олинмасдан, сифатсиз таъмирланган биноларда хизмат қилишга мажбур қилмоқда, дейишимга асос бор”, дейди куюниб ёш тадбиркор.

Ҳа, ҳақиқий ғайрат соҳиби. У тенгилар қаерда текин қуйруқ бор экан, деб юришган бир пайтда, Қобилбек ватанга дахлдорлик ҳиссини туйган ҳолда яшамоқда, ишламоқда, изланмоқда. Аммо ҳам депутат, ҳам тадбиркор бўлган бу йигит биз билан суҳбатлашганда, ишлари юришмаса, бу йўлдаги тўсиқлар олиб ташланмаса, чет элга чиқиб кетиб, ўша ерда бизнес фаолиятини режалаштираётгани ҳақида шама қилиб ўтди. Бунинг оқибатида нима бўлади? Аввало, ишчи ўринлар йўқотилади. Корхонада меҳнат қилиб, қора қозонини қайнатаётганлар ишсиз қолади. Битта бўлсада иш ўрни яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир вақтда ишсизлар сонининг ошишига сабаб бўлаётган тўсиқларнинг бартараф этилиш вақти келмадимикан? Ахир Ўзбекистон келажаги ана шундай ғайратли ёшлар қўлида-ку. Биринчи президент Ислом Каримовнинг асл орзулари ҳам шу эмасмиди аслида? Жамиятда учраётган номи юқорида зикр қилинган ҳолатлар киши кўнглини ғаш этади, аммо Қобилбекка ўхшаш инсонларга қараб, Ўзбекистон келажаги буюк давлат бўлишига асло шубҳа қилмайсан.