Мексиканинг Монтеррей шаҳридан бўлган ва ёшлигидан АҚШда яшаб келган Роза Мария Ортега Даллас шаҳри суди томонидан АҚШдаги сайловларда икки марта овоз бергани учун 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ортеганинг овоз беришга ҳуқуқи бўлмаган, деб хабар бермоқда The New York Times нашри.

Ортега Далласда ҳибсга олинди. У грин-карта соҳибаси ҳисобланади. У 2012 йилги президентлик сайловларида ва 2014 йилги оралиқ сайловларда овоз берган ва АҚШ Республикачилар партияси аъзоси ҳисобланади. У 2012 йилда республикачилардан президентликка номзод бўлган Митт Ромнига овоз берган.   

Аёлнинг 4 нафар фарзанди ва ўзидан 10 ёш кичик турмуш ўртоғи бор. Энди аёл жазо муддатини ўтагач, АҚШдан муқаррар депортация қилинади ва бошқа бу ерга келиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Суд жараёнида Техас бош прокурори Кен Пакстон чиқарилган ҳукм штатнинг сайловлар хавфсизлигига қанчалик жиддий ёндошишини кўрсатишини айтди.

Аёлнинг адвокати Кларк Бердсэлл чиқарилган ҳукмни ўта жиддий деб атаган.

"Ортега 6-синф таълимига эга. У овоз бериш ноқонуний эканлигини билмаган. У мол-мулкка эга бўлиши, армияда хизмат қилиши, иш олиши, солиқлар тўлашга ҳаққи бор. Бироқ овоз беришга ҳуқуқи йўқлигидан бехабар бўлган", деб айтган адвокат.

Аввалроқ АҚШ вице-президенти Майкл Пенс 2016 йилги президентлик сайловларида овозларни сохталаштиришга йўл қўйилган ҳолатлар бўйича айбловларни тергов қилиш зарурлигини айтганди.