АҚШнинг Мичиган штатидаги бошланғич мактаб ўқувчиси ижтимоий тармоқ орқали ўқитувчисига отиб ўлдириш билан таҳдид қилди. Гап шундаки, унга берилган уй вазифаси ёқмаган. Ёш мерганни мактабдан четлаштиришди, деб хабар берди The Daily Mail нашри.

Мичиган штатидаги "Паупард" (Poupard Elementary School) бошланғич мактаби тўртинчи синф ўқувчисининг ўқитувчиси берган уй вазифасидан кўнгли тўлмаган. Бола ўз норозилиги Snapchat мобил иловаси орқали билдириб, нафратланадиган устозини отиб ўлдириш билан таҳдид қилган.

Мактаб раҳбарияти 4-синф боласининг таҳдиди ҳақида дарҳол полицияга хабар берди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўқувчининг уйига боришган. Ёш мерганнинг ота-онаси фарзандларида ҳеч қачон қурол бўлмаганини айтишган, бироқ суриштирув ишлари давом этмоқда. Бола вақтинчалик ўқишдан четлатилди.

"Паупард" мактаби директори Гэри Нихаус ўқув муассасасида бундай таҳдидларга жуда жиддий муносабатда бўлиниши ҳақида маълум қилган.

“Биз мактабимиз ўқувчилари ва ходимлари хавфсиз ҳамда таҳдидлардан ҳимояланган бўлишларига ишонч ҳосил қилишимиз керак”, - деган Нихаус.