Янги Зеландияда яна 200 га яқин қора дельфин ўзини Жанубий ороли соҳилларига отди, деб хабар бермоқда Radio New Zealand радиостанцияси.

Радиостанция маълумотларига кўра, табиий захираларни муҳофаза қилиш департаменти ходими Майк Оугл бу воқеа дельфинларни акула қўрқитиб юборгани сабабли юз берган бўлиши мумкинлигини айтган.  

"Дельфинлардан бирининг танасида акула тишлашидан қолган кичик, бироқ янги жароҳатлар қолган, шу сабабли бу воқеа ушбу ҳолат билан боғлиқ бўлиши мумкин", деб айтган Оугл.

10 февралда ҳам 400 та қора гринд-дельфинлари шу орол қирғоқларига ўзини отганди. Улардан кўпчилиги ҳалок бўлган, бироқ дельфинларни қутқариш операциясида иштирок этган волонтёрлар 100 га яқин дельфинни саёзликдан денгизга қайтара олишган. Китсимонлар қирғоқ яқинида қолмоқдалар, қутқарувчилар эса қайиқларда уларга очиқ денгизга сузиб кетишлари учун тўғри йўналиш кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар.

Жаҳон ёввойи табиат жамғармасининг Россия денгиз дастури раҳбари Константин Згуровскийнинг айтишича, дельфинлар сейсморазведка ва ҳарбий кемаларнинг сув ости акустик тизимларидан гаранг бўлган етакчилари ортидан қирғоққа ташланган бўлишлари мумкин.  

Янги Зеландия кит ва дельфинлар ўзларини қирғоққа отадиган жойга айланмоқда. Олимлар ҳанузгача ер шарининг турли бурчакларида вақти-вақти билан содир бўладиган китсимонларнинг бундай оммавий жонларига қасд қилишларига нима сабаб бўлаётганига аниқ жавоб бера олмаяптилар. Одатда, бир дельфин ўзини қирғоққа отганда, тўдадаги бошқа дельфинлар уни қутқаришга уриниб, ўзлари ҳам нобуд бўладилар.