Британиянинг Европа Иттифоқидан чиққанидан кейинги тақдири хавотирли эмас, дея маълум қилди Apple корпорацияси раҳбари Тим Кук.

"Биз Британиянинг келажагига ижобий кайфият билан қарамоқдамиз ҳамда мамлакатда қоламиз. Биз Британияга ишонамиз, у билан ҳаммаси яхши бўлади... Бироқ Brexit’га бўлган йўлда турли ғовлар ҳам пайдо бўлиши мумкин", - дея айтиб ўтди Кук Британиянинг iTv телеканалига берган интервьюсида.

Apple раҳбари айни дамда Лондонда бўлиб турибди. У Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй, Лондон ҳокими Содиқ Хон билан учрашди, шунингдек, шаҳардаги мактаблардан бирига ташриф буюрди.

Кук Apple Лондонда катта офис очишни режалаштираётганини тасдиқлади. У Темзанинг жанубий қирғоғидаги Баттерси туманида жойлашади. Айни дамда Лондонда Apple’нинг тахминан 1,4 минг ходими ишлайди, улар шаҳардаги саккизта офисда меҳнат қилади. Маълумотларга кўра, янги бино уч мингга яқин ходимни ўз ичига сиғдириши мумкин.