Бангладешнинг жануби-ғарбида содир бўлган мудҳиш автоҳалокатда камида 13 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жабрланган. Йўловчи автобусининг юк машинаси билан тўқнашуви оқибатида шундай фожиа рўй берган, деб хабар қилмоқда Bangladesh News портали полиция маҳкамасига таянган ҳолда. 

Полиция вакили Езасул Ислом ЙТҲда 13 киши ҳаётдан кўз юмганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, автоҳалокат ярим тунга яқин Бханга аҳоли пунктидан 12 км узоқликда юз берган. Нарайл округидан келаётган автобус газ баллонлари олиб кетаётган юк машинаси билан тўқнашган. Иккала транспорт воситаси ҳам тўқнашувдан сўнг ёниб кетган. 

Полиция вакилининг айтишича, жароҳатланганлар Бханги ва Фаридпур шифохоналарига етказилган.

Гувоҳнинг шоҳидлик беришича, автобус ҳайдовчиси бошқарув назоратини йўқотганидан сўнг, юк машинасига бориб урилган. Тўқнашувдан сўнг газ баллонлари ёнғинга сабаб бўлган. 

Ўт ўчириш хизмати маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар автобуснинг 12 нафар йўловчиси ва юк машинаси ҳайдовчисидир.