БМТ Хавфсизлик кенгаши Жанубий Судандаги қуролли тўқнашувларни қоралаб, можарода иштирок этаётган томонларни зўравонликни дарҳол тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда ХК хабарида айтилади, деб маълум қилди РИА «Новости».

Хавфсизлик кенгашида таъкидлашларича, қуролли тўқнашувлар, айниқса, Экваториал ҳудуд ва Юқори Нил ерларида давом этмоқда.

«Хавфсизлик кенгаши аъзолари, шунингдек, оддий фуқароларга бўлган барча ҳужумларни кескин қоралашди ва тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши, зўравонлик, уйларни талон-торож қилиниши, босқинчилик ҳолатларидан жиддий ташвишда эканини билдиришди», - дейилади хабарда.

Хавфсизлик кенгаши жамоатчиликни ҳужумда айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўришга чақирди ҳамда Жанубий Суданни январь бошидан бери 84 мингдан ортиқ киши тарк этганидан катта ташвишда эканини таъкидлаб ўтган.

Айтилишича, мамлакатда можарони ҳал қилиш учун қуролли йўлдан эмас, балки сиёсий механизмлардан фойдаланиш зарур. Можарода иштирок этаётган томонларга сулҳ шартларини бажариш ҳақида эслатилган.

Маълумот учун, Жанубий Судан 2016 йилнинг сентябрида БМТнинг қўшимча контингентини жойлаштиришга рози бўлди.