АҚШнинг CNN телеканали хабар қилишича, Америка махсус хизматлари президент Дональд Трампни обрўсизлантиришга қаратилган ҳужжатлар тўпламининг бир қисмини тасдиқлаган. Телеканал ҳуқуқ-тартибот ва разведкадаги кўплаб аноним манбаларига асосланган ҳолда шу ҳақда баёнот бермоқда. Оқ уй маъмурияти, яна бир бор бу каби таъкидларни инкор этган. 

АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп инаугурациясидан аввалроқ, BuzzFeed портали Россия Трампга нисбатан фош қилувчи маълумотларни тўплаганига доир ҳисоботни эълон қилган эди. 

Кейинчалик, The Wall Street Journal нашри, мазкур ҳужжат Лондондаги хусусий хавфсизлик фирмаси томонидан тузилганини ёзганди. Кремль маъмурияти бу каби маълумотларни ҳеч кимга нисбатан тўпламаслигини айтган бўлса, Трампнинг ўзи янгиликларни кескин кўринишда рад этиб, гап "сохта хабарлар" ҳақида бораётганини таъкидлаганди. У, шунингдек, бу машмашаларни сиёсий рақибларининг иши деб айтган ва унинг обрўсига путур етказиш бўйича уринишларни "нацистлар Германиясидаги тартиблар"га қиёслаган эди. 

АҚШ раҳбари матбуот котиби Шон Спайсер Трампга нисбатан айбловларни рад этди. "CNN телеканалининг сохта хабарлари ҳамон бизнинг нафратимизни уйғотмоқда", — деган Спайсер.

Шу билан бирга, ФҚБ, АҚШ адлия вазирлиги, МРБ ва Миллий разведка директори идораси бу хабарларни изоҳламаган.