Тожикистон ва АҚШ президентлари Эмомали Раҳмон ва Дональд Трамп икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллик муносабати билан бир-бирларига табрик телеграммалари йўлладилар, деб маълум қилди Раҳмон матбуот хизмати.

Тожикистон президенти табрик телеграммасида унинг давлати АҚШни халқаро саҳнада ўзининг муҳим ҳамкори деб ҳисоблашини айтган.   

"Биз давлатларимиз ўртасида дўстона алоқаларнинг ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганидан мамнунмиз. Бу алоқалар ҳозирда ўзаро манфаатга эга турли соҳаларни, жумладан, сиёсий, иқтисодий, гуманитар, ижтимоий, ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларини қамраб олади ва биз уларнинг келажагига ишонч билан қараймиз", дейилган Раҳмон юборган телеграммада.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам ўз навбатида Тожикистон президенти номига йўллаган телеграммасида Раҳмон ва бутун тожик халқини мустақилликнинг 25 йиллиги билан табриклаган.

"АҚШ Тожикистон, унга қўшни давлатларнинг мустақиллиги ва яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Жорий йилда Тожикистон ва АҚШ икки томонлама яқин ҳамкорликнинг 25 йиллигини нишонлайди. Ўз маъмуриятимдаги ишимнинг бошидаёқ ўзаро ҳурмат ҳамда хавфсизлик ва барқарорлик соҳасида умумий мақсадларимизни илгари суришга содиқ қолинишига умид қиламан", деб айтилган Трамп телеграммасида.