Сўнгги кунларда ғарбий Европанинг турли босма ва электрон нашрларида юртимиз сайёҳлик имкониятлари, тарихий шаҳарлари ҳақида бир қатор мақолалар чоп этила бошлади

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг хабар беришича, 5-февраль куни Буюк Британиянинг етакчи нашрларидан бири "The Telegraph" ўзининг сайтида «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида кўриши керак бўлган 35 шаҳар» номли мақола чоп этди. 

Мақолада Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган қадимги шаҳарлар билан бирга Африка, Европа, Жанубий ва Шимолий Американинг энг гўзал шаҳарлар орасидан 35таси саралаб олинган. 

Мақолада ҳар бир шаҳар ҳақида машҳур ёзувчи ва сайёҳлар томонидан берилган таърифу тавсиф илова қилинган. 

Рўйхатга юртимизнинг Хива шаҳри киритилган бўлиб, "The Telegraph" газетаси мухбири, сайёҳ Крис Мосс тавсиясига асосланади. 

The Telegraph газетасининг мақоласидан ўрин олган 35 шаҳар қаторида Париж, Исфахон, Санкт-Петербург, Рио-де-Жанейро, Венеция, Эдинбург, Ҳавана ҳам жой олган. 

Маълумот учун, The Telegraph газетаси 1855 йилда Лондонда ташкил этилган. 2016 йилнинг декабрь ойи ҳолатига кўра, газета 460 054 нусхада чоп этилган, барча платформалар орқали эса унинг материалларини 4 миллион ўқувчи кузатиб боради.