АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) собиқ ходими Эдвард Сноуден адвокати Анатолий Кучерена мижозининг АҚШга топширилишига асос кўрмаяпти. У бу хусусда жаҳон ОАВда пайдо бўлган хабарларни миш-миш сифатида баҳолади.

"Эдвард Сноуденни АҚШга топшириш бўйича асос йўқ. Бу ўзига яраша, айтиш мумкинки, АҚШ махсус хизматларининг фирибгарликларидир. Ўйлайманки, бу мавзу АҚШ сиёсатида қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолмоқда. Аммо, Сноуден борасида шов-шув кўтараётганлар Америка махсус хизматларидир, улар вақт-вақти билан шу каби миш-мишларни тарқатишмоқда", - деган Кучерена.

У Сноуден Россияда яшаш ва ишлашга рухсати борлиги, мамлакат қонунларига риоя қилаётганини таъкидлаган. "Бу мавзуни кўриб чиқиш учун кичик бўлса-да асос йўқ", - дея изоҳ берган Сноуден адвокати. 

"Обама маъмуриятида Россияни нималаргадир тортишга уринди. Аммо, хотирлатиш ўринлики, Россия инсонлар билан савдо қилмайди. Россия инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан савдо қилмайди. Шунга кўра, бу шундай хабарларни чиқараётганларнинг виждонига ҳавола", - деган Кучерена. Унинг қўшимча қилишича, "Сноуден масаласи иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ҳам савдолашиш мавзуси бўла олмайди". 

Аввалроқ, NBC телеканали тарқатган хабарга кўра, АҚШ разведкаси Россия махсус хизматлари МРБ собиқ ходими Эдвард Сноуденни президент Дональд Трампга "ҳадя қилиш" масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида маълумотларга эгалигини таъкидлаган.