Европа ва АҚШнинг Россияга қарши санкциялар борасидаги нуқтаи назари, эҳтимол, якдил бўлмаслиги мумкин. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий комиссари Федерико Могерини Вашингтонга сафари чоғида баёнот берди. 

«Биз санкциялар Минск келишувлари тўлиқ ижро этилгунича зарур, деган фикрга қўшиламиз. Келишув бандлари бажарилмас экан, санкциялар кучида қолади. Бироқ бу ягона позиция бўлиб қолаётганига ишончим комил эмас», — деган Могерини. 

Унинг қайд этишича, ҳар қандай ҳолатда ҳам АҚШнинг бу масалага ёндашуви Европанинг қарашини ўзгартира олмайди. 

«Европаликлар якдил. Билмайман, америкаликлар ягона қарашни ҳимоя қилишадими, йўқми, аммо биз ортга чекинмаймиз», — дея қўшимча қилган ЕИ олий комиссари. Бунгача у Оқ уйда ва давлат котиби Рекс Тиллерсон билан музокаралар ўтказган эди. 

Могеринининг бу баёнотига, россиялик сенатор Алексей Пушков ўз фикрини билдирган. «Могеринининг айтишича, ЕИдан фарқли ўлароқ, АҚШнинг санкцияларни сақлаб қолиш борасида қатъиятига ишончи комил эмас. Бироқ ЕИ темирбетонли ташкилот эмаски, унда ҳам турли қарашлар бўлмаса», — деб ёзган Пушков Twitter саҳифасида.

АҚШ ва ЕИ 2014 йилдан Россияга нисбатан санкцияларни қўллаб келади. Улар Украинадаги воқеаларга жавобан жорий қилинган эди.